Андижонда маст фуқарони болта билан уриб ўлдирган шахсга суд ҳукми ўқилди

Жиноят ишлари бўйича Андижон вилоят судида шишадошини болта билан уриб ўлдирган Б.С.га суд ҳукми ўқилди. Бу ҳақда вилоят суди судья катта ёрдамчиси Комроншоҳ Расуловга таяниб «Daryo» хабар қилди.

Фото: Комроншоҳ Расулов

Маълум қилинишича, 2020 йилнинг 30 май куни фуқаро Б.С. Олтинкўл туманидаги Жалабек маҳалласи ҳудудида жойлашган пайвандлаш устахонасида бирга ишлаётган шериги Б.Т. билан бирга тушлик қилиши давомида спиртлик ичимлик ҳам истеъмол қилган. Тушликдан сўнг икковлон танишлари — У.Э., А.М. ва Б.М.ни устахонага таклиф қилган.

Шундан сўнг базм давомида чақирилган меҳмонлардан бири Б.М. маст бўлиб қолиб Б.С. билан тортишиб қолган ва шеригини «маймун» деб ҳақорат қилган. Танишларининг ажратишига қарамай Б.С.ни ҳақорат қилишда давом этган. Бу ҳам етмагандек, унинг юз қисмига икки маротаба уриб, тан жароҳати етказган. Бундан жаҳли чиққан Б.С. эса устахонада турган ва ўзи фойдаланиб келган болта билан Б.М.нинг юз қисмига икки маротаба урган. Оқибатда Б.М. тан жароҳати олиб, вафот этган.

Мазкур ишни 2020 йил 30 ноябрь куни кўриб чиққан суд Б.С.ни Жиноят кодексининг 97-моддаси 2-қисми «в» банди (айбдорга аён бўлган ожиз аҳволдаги шахсни қасддан ўлдириш) билан айбли деб топиб, уни 17 йил 6 ой муддатга озодликдан маҳрум қилган. Шунингдек, Б.С.га Жиноят кодексининг 96-моддасига асосан жазони ўташи давомида алкоголизмдан мажбурий даволаниш белгиланган.

Аввалроқ Наманган вилояти Норин туманида 15 ноябрь куни дала шийпонида 8 ёшли боланинг мурдаси топилгани ҳақида хабар берилганди. Кейинчалик мазкур ҳолат юзасидан 15 ноябрь куни вилоят прокуратураси томонидан номаълум шахсга нисбатан Жиноят кодексининг 97-моддаси (Қасддан одам ўлдириш) 2-қисми «в, з» бандлари билан жиноят иши қўзғатилган.

Янгиликлар