Наманганда ўлдириб кетилган 8 ёшли бола оилада ёлғиз фарзанд эканлиги маълум бўлди
Наманган вилояти Норин туманида 15 ноябрь куни дала шийпонида 8 ёшли боланинг мурдаси топилгани ҳақида хабар берилганди. «Zamon» ахборот-таҳлилий дастури мухбири боланинг мурдаси топилган жойга бориб, воқеа тафсилотлари билан танишди.
Маълум бўлишича, бола 15 ноябрь тонгги соат 08:30 да уй паррандаларини боқиш учун кўчага чиққан ва бедарак йўқолган. Худди шу куни 20:30 да дала шийпонидан унинг жасади топилган.
Норин тумани ИИБ ҳуқуқбузарликлар профилактикаси бўлинмаси катта инспектори Дилмурод Мамажоновнинг айтишича, дала шийпони ўтинхонасидан оғир тан жароҳати олган ҳушсиз ҳолдаги бола жасади топилгани ҳақида хабар келиб тушган. Ҳозирда оиланинг ёлғиз фарзандини ўлдирган қотил қидирилмоқда.
«Воқеа жойига борганимда Норин туманида жойлашган фермер хўжалигидаги дала шийпонининг ўтинхонасида тан жароҳатлари билан ўлик ҳолатда топилган ёш болани кўрдим» — дейди Дилмурод Мамажонов.
Мазкур ҳолат юзасидан 15 ноябрь куни вилоят прокуратураси томонидан номаълум шахсга нисбатан Жиноят кодексининг 97-моддаси (Қасддан одам ўлдириш) 2-қисми «в, з» бандлари билан жиноят иши қўзғатилиб, эҳтиёт чоралари кўрилмоқда.
Аввалроқ Андижонда эри билан тортишиб, қайнанасининг 2 машинасини ёқиб юборган аёлга суд ҳукми ўқилгани ҳақида хабар берилганди.