Андижонда эри билан тортишиб, қайнанасининг 2 машинасини ёқиб юборган аёлга суд ҳукми ўқилди

Андижонда эри билан тортишиб, қайнанасининг 2 машинасини ёқиб юборган аёлга суд ҳукми ўқилди. Бу ҳақда Олий суд ахборот хизмати хабар берди.

Фото: «Tez News»

Таъкидланишича, мазкур ишни кўриб чиққан Жиноят ишлари бўйича Жалақудуқ туман судида Андижон шаҳрида яшовчи Ш.Н. (исмлар ўзгартирилган) жабрланувчи Ў.Ҳ. билан 2013 йилдан буён шаръий никоҳ асосида яшаб келганини, бир нафар қиз фарзанди борлигини билдирган.

«Турмуш ўртоғим билан дастлабки уч йилда яхши яшадик. Кейин ўзаро келишмовчиликлар сабабли тез-тез жанжаллашадиган бўлиб қолдик. 2020 йилнинг март ойида у билан яна тортишдик. Шунда эрим ота-онамни ҳақоратли сўзлар билан камситди. Бундан жаҳлим чиқиб, у миниб юрган машинага бензин сепиб, ёқиб юбордим», — деди Ш.Н.

Маълум бўлишича, юз берган ҳолат натижасида судланувчининг қайнaнаси номида бўлган «Damas»нинг ўнг томон олд ёритгич чироғи ва ён ойнаси иссиқлик таъсирида эриб кетган. Қайнaнасининг номидаги иккинчи машинага ҳам жиддий зарар етган. Оқибатда жабрланувчи жами 23 миллион сўмдан ортиқ зарар кўрган.

Суд судланувчи Ш.Н.ни Жиноят кодексининг 173-моддаси (Мулкни қасддан нобуд қилиш ёки унга зарар етказиш) 2-қисми билан айбли деб топиб, бир йил муддатга озодликни чеклаш жазоси тайинлаган. Шунингдек, ундан жабрланувчи Ў.Ҳ. фойдасига етказилган моддий зарарни ундириш белгиланган.

Аввалроқ Самарқандда хотинини ўлдириб, уйини ёқиб юборган шахсга жиноят иши қўзғатилгани ҳақида хабар берилганди.

Янгиликлар