Андижонда тест синовлари олдидан тайёргарлик ўқув-машғулоти ўтказилди (видео)

Андижонда кириш имтиҳонлари олдидан тайёргарлик ўқув-машғулоти амалга оширилди. Бу ҳақда «Ҳудуд» ёшлар информацион дастури хабар берди.

Хабарда айтилишича, «Баркамол авлод» стадионида 2 сменада имтиҳон ташкил қилиниб, 1-сменанинг ўзида 4050 нафар абитуриент тест топширади. Ўқув-машғулот тест синови кунининг симуляцион шаклида ўтказилди. Шунингдек, унда фавқулодда юз бериши мумкин бўлган ҳолатлар ҳам ҳисобга олинди. Мутахассислар ўқув-машғулот мобайнида бўлган хато-камчиликлар тест жараёнларида қайтарилмаслигини назоратга олади.

Мутахассиснинг маълум қилишича, тест-синовга келган абитуриентнинг ҳарорати ошган бўлса, у изоляция хонасига олинади ва ундан коронавирусга тест олинади ва ўша куни имтиҳонга киритилмайди. Агар тестнинг натижаси манфий чиқса, у абитуриент учун алоҳида тест куни ташкил қилинади.

Кириш имтиҳонлари очиқ ҳавода ўтказилиши сабаб абитуриентлар қуёшдан ҳимоя қилувчи бош кийими билан таъминланади. Агар ёмғир ёғса, имтиҳон бошқа кунга қолдирилиши маълум қилинди.

Аввалроқ Андижонда кириш имтиҳонлари ўтказиладиган ҳудудларнинг жойлашув манзили эълон қилингани, имтиҳонларга тайёргарлик ўқув-машғулоти ўтказилгани хабар қилинган эди.

Янгиликлар