Бухородаги халқаро ўтказиш пунктига коронавирусни 10 дақиқада аниқловчи ускуна ўрнатилди
Бухоро вилояти Олот туманидаги «Олот-автойўл» халқаро ўтказиш пунктида COVID-19’ни 10 дақиқада аниқлайдиган ускуна ўрнатилди. Бу ҳақда туман ҳокимлиги матбуот хизмати «Tez News»га хабар берди.
Маълум қилинишича, Бухоро вилояти «Олот-автойўл» халқаро ўтказиш пунктида Давлат чегараси орқали ўтаётган шахсларни вақтини тежаш учун ДСЭОМ томонидан «i-chroma II express тест» ускуналари олиб келинган ҳамда ўрнатилган.
Қайд этилишича, мазкур ускуна одам қонидаги, қон зардобидаги плазмадаги янги анти-коронавирус антикорларини сифат жиҳатидан аниқлаш учун иммунофлоресанс таҳлилидир. Ушбу тест юқори сезувчанлик билан янги коронавирус (масалан, SARS, 2019-nCoV) инфекциясини аниқлаш учун енгил, асемптоматик ёки ўткир дастлабки босқичлари бўлган беморларни текширишда фақатгина ин витро диагностика мақсадида фойдали эканлиги қайд этилган.
Таъкидланишича, i-CHROMA ™ COVID -19-19 Aб тўплами i-CHROMA II анализаторида фойдаланиш учун мўлжалланган. Синов инсон қонида COVID-19’га қарши IgM ва IgG антикорларини 10 дақиқада аниқлашга имкон беради ҳамда натижанинг талқини автоматик равишда анализатор томонидан амалга оширилади.
Шунингдек, натижа учта вариантда олиниши мумкин: салбий, ижобий ва ноаниқ. Бу инфекциянинг мавжудлигини ёки йўқлигини етарли даражада баҳолайди. Тест жавоби анализаторга ўрнатилган принтерда чоп этиш орқали ҳужжатлаштирилади ҳамда жавоб билан бир қаторда, нашрда беморнинг маълумотлари, синов санаси ва вақти ҳам бўлиши мумкин.
Ускунадан олинадиган натижанинг клиник сезгирлиги 95,8 фоиз ҳамда клиник ўзига хослиги 97 фоиз эканлиги қайд этилган.
Маълумот учун, таҳлил қилиш тартиби махсус аналитик кўникмаларни талаб қилмайди.
Бундан аввал коронавирус аломатларини энди сезаётган бемор қайси лаборатор диагностика усулидан ўтиши кераклиги тўғрисида мутахассис жавоб бергани ҳақида хабар берилган эди. Кейинчалик Ўзбекистонда чегарадан ўтаётган фуқаролар ўз ҳисобидан коронавирусга тест топшириши маълум қилинди.