Бухорода 16 нафар пробация ҳисобида турган маҳкум муддатидан аввал озод этилди

Бухоро шаҳар Ички ишлар органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бошқармасида 23 сентябрь, чоршанба куни «Ҳамкор» профилактик тадбир ўтказилди. Бу ҳақда Бухоро вилояти Ички ишлар бошқармаси ахборот хизмати хабар қилди.

Хабарда айтилишича, тадбирда Бухоро шаҳар ички ишлар органлари пробацияси бўлими томонидан меҳнатга ҳалол муносабатда бўлган, суд томонидан белгиланган тақиқ ва чекловларга риоя қилган, содир этган жиноятининг аҳамиятини тушуниб етган 16 нафар назорат остидаги шахсларга нисбатан Жиноят кодексининг 73-моддасига асосан жазодан муддатидан олдин озод қилиш бўйича киритилган тақдимномалар кўриб чиқилган.

Шунингдек, 1 нафар жазо ўташдан ва ахлоқ тузатиш ишлари жазосидан бўйин товлаб юрган назорат остидаги шахсга нисбатан жазо турини ўзгартириш бўйича шаҳар судига киритилган тақдимномалари сайёр суд мажлисида ўрганилган. Киритилган тақдимномалар қаноатлантирилган.

Ўтказилган тадбир давомида ахлоқ тузатиш ишларини ўтаётган, назорат остидаги Дилшод Қурбонов ишлаётган Бухоро шаҳридаги «Sulton techno group» МЧЖга бориб текширилган. Жазо ўташ қоидалари тушунттирилган ва далолатномалар тузилган. Ахлоқ тузатиш ишлари жазосига ҳукм қилинган 78 нафар маҳкумлар иш жойларидан текширилиб, уларга ҳам далолатномалар қилинган. Назорат остидаги шахслар билан профилактик сухбатлар ўтказилган.

Аввалроқ Пайариқда 9 нафар, Наманганда 11 нафар, Косонсойда 8 нафар, Пастдарғомда 15 нафар ва Наманганда 7 нафар маҳкум муддатидан аввал озод қилингани ҳақида хабар берилганди.

Янгиликлар