Наманганда 11 нафар маҳкум муддатидан аввал жазодан озод қилинди (видео)

Жиноят ишлари бўйича Наманган туман судида 11 нафар шахс жазони ўташдан муддатидан илгари шартли озод қилинди. Бу ҳақда «Замон» информацион-таҳлилий дастурида хабар берилди.

Хабарда маълум қилинишича, Наманган туманида пробация гуруҳи ҳисобида 270 нафардан ортиқ фуқаро озодликдан чеклаш билан боғлиқ бўлмаган жазони ўтаб келмоқда. Суд кунида қилмишидан пушаймон бўлиб, тузалиш йўлига ўтган ва доимий иш ўрнига эга 11 нафар фуқаронинг иши кўриб чиқилди.

«11 нафар маҳкумлар судга илтимос киритди. Илтимосномалар судда карантин қоидаларига риоя қилинган ҳолда кўриб чиқилиб, уларда жазо ўташ даврида меҳнатга ҳалол муносабатда бўлганликлари, яшаш, иш жойидан ижобий тавсифномалар олганликлари, қонунда белгиланган жазони қисман амалда ўтаб бўлганликлари, жазо ўташ даврида маъмурий, интизомий жазога тортилмаганлари инобатга олиниб, Жиноят кодекси 73-моддасига асосан ўталмай қолган жазодан муддатидан аввал шартли равишда озод қилинди», — дейди Жиноят ишлари бойича Наманган туман суди судяси Шуҳрат Aҳмедов.

Аввалроқ Косонсойда 8 нафар маҳкум муддатидан аввал озод этилгани, Пастдарғомда 15 нафар маҳкум муддатидан илгари жазодан озод қилингани хабар қилинган эди.