Бухорода 2020 йил охирига қадар алкоголь маҳсулотлари билан чакана савдо қилувчилардан олинадиган 1,6 млрд сўм уларнинг ўзида қолдирилади

Бухорода йил охирига қадар алкоголь маҳсулотлари билан чакана савдо қилишга рухсатномаси мавжуд 166 та корхонадан ундирилиши лозим бўлган 1,6 миллиард сўм маблағ уларнинг ўзида қолдирилади. Бу ҳақда вилоят ҳокимлиги ахборот хизмати хабар берди.

Қайд этилишича, амалдаги тартибга мувофиқ, алкоголь маҳсулотлари чакана савдоси билан шуғулланувчи тадбиркорлар шаҳар жойларида бир ойда 1 миллион сўм, туманларда эса 600 минг сўм тўлаб келаётган эди.

Президентнинг 2020 йил 20 июлдаги фармонига мувофиқ, алкоголь маҳсулотлари чакана савдоси билан шуғулланувчи тадбиркорларнинг ихтиёрида бир ойда жами 273,6 миллион сўм, йил охирига қадар эса 1,6 миллиард сўм маблағ қоладиган бўлди.

Бундан ташқари, 2020 йил 1 апрелдан 2020 йил 31 декабрга қадар умумий овқатланиш корхоналари алкоголь маҳсулотлари билан чакана савдо қилиш ҳуқуқи учун йиғимни тўлашдан озод қилинди.

Шунингдек, умумий овқатланиш корхоналарига алкоголь маҳсулотларини етказиб бериш орқали сотиш хуқуқи берилди.

Аввалроқ Ўзбекистонда 1-августдан бошлаб алкоголь маҳсулотларининг чакана савдоси учун гувоҳнома чекланмаган муддатга берилиши ҳақида хабар берилганди.

Янгиликлар