Бухорода ҳомиладорлик ва туғиш таътили билан боғлиқ 106 миллион сўм нафақа пуллари тўлаб берилди
Бухоро вилояти Бухоро тумани адлия бўлими томонидан 2020 йилнинг июнь ойида халқ таълими туман бўлимида давлат ижтимоий суғуртаси бўйича нафақалар тайинлаш ва тўлаш тартиби таҳлил қилинди.
Таҳлил натижаларига кўра, туман халқ таълими бўлимининг 23 нафар ўқитувчилари олдида жами 106 миллион 301 минг сўм миқдорида ҳомиладорлик ва туғиш нафақаларидан бўлган қарздорлик мавжудлиги аниқланди.
Жумладан, тумандаги 51-мактаб масъул ходими Ғ.М. 2020 йил март ойидан ҳомиладорлик ва туғиш таътилига чиқарилган. Унга ҳисобланган 7 миллион 904 сўмлик нафақа пули ўрганиш кунига қадар тўлаб берилмаган. Шунингдек, 29- мактаб ўқитувчиси Р.Ф. 2020 йил апрель ойидан ҳомиладорлик ва туғиш таътилига чиқарилган. Унга ҳисобланган 10 миллион 489 сўмлик нафақа тўлаб берилмаган.
Туман адлия бўлими ходимлари томонидан аниқланган қонун бузилиши ҳолатларини бартараф этиш ва келгусида йўл қўймаслик юзасидан туман халқ таълими бўлимига тақдимнома киритилди. Натижада тегишли чоралар кўрилиб, ҳомиладорлик ва туғиш таътилига чиқарилган 23 нафар ходимларга ҳисобланган жами 106 миллион 301 минг сўм миқдоридаги нафақа пуллари тўлаб берилиши таъминланди.
Аввалроқ Самарқандда тиббиёт ходимларининг 840 миллион сўмлик қўшимча маошлари тўлаб берилмагани ҳақида хабар берилганди.