Бухорода қизнинг шахсий суратларини тарқатиш билан таҳдид қилиб, 500 доллар олаётган эркак қўлга тушди
Бухорода товламачилик йўли билан 500 доллар олаётган эркак қўлга тушди. Бу ҳақда ИИВ ҳузуридаги Тергов департаменти ахборот хизмати хабар берди.
Хабарда маълум қилинишича, Бухорода 36 ёшли У.Р. 2018 йилнинг сентябрь ойидан бери 22 ёшли Р.А. билан ижтимоий тармоқ орқали танишиб, яқин муносабатларда бўлиб келган. Сўнг ўзининг уяли алоқа воситасида мавжуд бўлган Р.А.га тегишли шахсий фотосуратларни унинг оила аъзоларига кўрсатмаслик ва интернетда тарқатмаслик эвазига ундан 1000 АҚШ доллари талаб қилган. Шунингдек, у Р.А. учун сир сақланиши лозим бўлган маълумотларни ошкор қилиш билан қўрқитган.
2020 йилнинг 4 сентябрь куни соат 11:15 да Бухоро шаҳри Б.Нақшбанд кўчасида эркак Р.А.дан 500 доллар пулни олаётган вақтида ушланган ва ҳолат тегишли тартибда расмийлаштирилган.
Ҳолат юзасидан Бухоро шаҳри бўйича Ички ишлар органлари фаолиятини мувофиқлаштириш боқармаси ҳузуридаги Тергов бўлими томонидан У.Р.га нисбатан Жиноят кодексининг 165-моддаси 1-қисми (Товламачилик) билан жиноят иши қўзғатилган. У.Р. гумон қилинувчи тариқасида жалб қилинган.
Ҳозирда дастлабки тергов ҳаракатлари давом эттирилмоқда.
Аввалроқ Самарқандда 43 ёшли дугонасининг уятли фотосуратларини тарқатиб, шарманда қилмаслик учун 2200 доллар талаб қилган аёл ушлангани, Бухорода фотомоделликни таклиф қилиб, қиздан алдов йўли билан 650 минг сўм олган «фотограф» қўлга тушгани хабар қилинган эди.