«Buyuk Kelajak» эксперти Санжар Жалолов коронавируснинг оғир кечиши оқибатида вафот этди
Иқтисодиёт фанлари доктори, профессор Санжар Жалолов 4 август куни коронавируснинг оғир кечиши оқибатида вафот этди. Бу ҳақда «Buyuk Kelajak» Telegram канали хабар берди.
Хабарда айтилишича, Санжар Жалолов 2018 йил Ўзбекистон Президенти хорижий мамлакатларда муваффақиятга эришган ватандошларни ватанга ёрдам беришга чақирганида Канададан Ўзбекистонга қайтган. Шундан сўнг у «Buyuk Kelajak» кенгашининг экспертлари қаторига қўшилган.
Санжар Жалолов Торонтодаги «THETA Collaborative» ширкатида консультант сифатида эришган тажрибасига асосланиб, Ўзбекистонда соғлиқни сақлаш технологияларини баҳолашни жорий қилиш таклифини илгари сурган. Соғлиқни сақлаш технологияларини баҳолаш мамлакатда қандай дориларга эҳтиёж катталигини ва уларнинг ҳақиқий нархини аниқлашга имкон беради.
«У ўз ғояларини ва таклифларини бир неча бор расмий тақдимотларда ва ОАВда мақолалар билан акс эттирган. У нима ҳақида гапираётганини доим билган ва Ўзбекистон самарали соғлиқни сақлаш тизимини қуришда энг яхши халқаро тажрибага лойиқлигига ишонган», дейилади хабарда.
Профессор Жалолов, шунингдек, Тошкент фармацевтика институти ва Тошкентдаги халқаро Вестминстр университетида меҳмон маърузачи сифатида ишлаган. Унинг таклифи билан жамоат саломатлиги факультети очилмоқда.
Бундан ташқари, иқтисодиёт фанлари доктори Санжар Жалолов нафақат соғлиқни сақлаш иқтисодиёти, балки қишлоқ хўжалиги ва институционал ривожланиш иқтисодиёти соҳаларида ҳам қатор халқаро лойиҳаларда менежер сифатида иштирок этган.
Аввалроқ Тошкент шаҳрида коронавирусга чалинган икки бемор вафот этгани ҳақда хабар берилган эди.