Давлат солиқ бошқармаси Наманганда тадбиркорлардан пахта терими учун пул йиғилаётгани ҳақидаги хабарга муносабат билдирди

Давлат солиқ бошқармаси Наманганда тадбиркорлардан пахта терими учун пул йиғилаётгани ҳақидаги хабарга муносабат билдирди.

Фото: «Tez News»

Маълумотларга кўра ижтимоий тармоқларда «Тадбиркорлардан 6 миллион сўмгача пул йиғилмоқда» сарлавҳали хабар тарқалган. Унда, наманганлик тадбиркорлар томонидан пахта терими учун 5—6 миллион сўмдан пул йиғилаётгани ва уларга нисбатан босим ўтказилаётганидан шикоят қилишгани келтирилган. Бу ишлар эса Ички ишлар бошқармаси ва вилоят солиқ идоралари ходимлари томонидан амалга оширилаётгани айтилмоқда.

«Жорий йилги пахта мавсуми учун ҳеч қандай тадбиркордан пул талаб қилинмаган, аксинча, юртимизда тадбиркорликни ривожлантиришга қаратилган сиёсатга жавобан вилоятда ишбилармонлик муҳитини кучайтириш ҳамда тадбиркорларнинг бизнесини ривожлантиришда ўз амалий ёрдамини бериб келмоқда. Хусусан, жорий йил аввалида биргина Наманган вилоятида 22 мингта юридик мақомидаги тадбиркорлик субъекти фаолият олиб борган бўлса, қўллаб-қувватлашлар натижасида ўтган 9 ой давомида улар сони 25 мингтага етди.

2020 йилнинг 1 июлидан бошлаб илк маротаба тадбиркорларга қўшилган қиймат солиғининг бир қисмини қайтариш механизми амалга киритилди. Уларга хизмат кўрсатиш 1 сентябрдан бошлаб, ҳудудий солиқ бошқармаларига ўтказилди. Бу эса тадбиркорлик субъектларининг ортиқча оворагарчиликларига барҳам бермоқда. Ўтган давр мобайнида тадбирклорлик субъектларидан келиб тушган жами 124 та аризага асосан 38 миллиард 800 миллион сўм пул маблағлари тадбиркорларга қайтарилди», — дейилади вилоят Давлат солиқ бошқармаси хабарида.

Шунингдек, хабарда вилоят Давлат солиқ бошқармаси ҳамда унинг ҳудудий инспекцияларига жами 5208 та юридик шахслардан тушган мурожаатлар ваколат доирасида ижобий хал этилгани айтиб ўтилган.

Қайд этилишича, ижтимоий тармоқдаги хабарда пахта штабининг икки нафар аъзоси, вилоят Ички ишлар бошқармаси ва вилоят Давлат солиқ бошқармаси ходимлари томонидан бу ёлғон хабар эканлиги тасдиқланган.

Аввалроқ Норин ва Поп туманларида пахта топшириш режаси 100 фоиз бажарилгани, Учқўрғонда «Фидойи ёшлар отряди» сўнгги 30 кунда 200 тонна пахта тергани ҳақида хабар қилинганди.

Янгиликлар