Тошкентда метробуслар қатнови йўлга қўйилиши режалаштирилди

Тошкент шаҳрида транспорт хизматлари сифатини ошириш мақсадида тезюрар автобус хизматини ташкил этиш бўйича лойиҳа ишлаб чиқилди. Бу ҳақда Kun.uz хабар қилди.

Фото: kun.uz

Хабарга кўра, BRT (Bus Rapid Transit) метробуслари темир йўл линиясисиз махсус йўналиш бўйлаб ҳаракатланади. Ҳозирда хорижий консультантлар томонидан 2 йўналишда (Чилонзор буюм бозори — Чорсу савдо маркази, ТТЗ — Чорсу) метробус хизматини ташкил этиш таклиф этилмоқда.

«Биринчи босқичда Чилонзор буюм бозори – Чорсу Савдо маркази йўналиши пилот лойиҳаси сифатида йўлга қўйилади. ТТЗ – Чорсу йўналиши эса бу лойиҳанинг иккинчи босқичи бўлиб, биринчи йўналиш натижаларига қараб ишга туширилади. Абу Сахий ва Чорсу бозорларини боғлайдиган йўналиш узунлиги 17,7 километр бўлиб, бир кунда ўртача 42 минг йўловчига хизмат кўрсатиши режалаштирилган», — дейди Тошкент шаҳар транспорт бошқармаси бошлиғи ўринбосари Шаҳбоз Ғофуров.

Қайд этилишича, бу лойиҳа «Тошкент шаҳар транспорт ва йўл-транспорт инфратузилмасини 2020-2030 йилларда ривожлантириш бош режаси» концепцияси лойиҳаси юзасидан ишлаб чиқилиб, амалга ошириш учун таклиф этилмоқда. Лойиҳага кўра, мазкур йўналишда 26 та автобус оралиқ бекатлари бўлиб, автобусларнинг ўртача тасарруф (эксплуатацион) тезлиги 25,5 км/сга тенг бўлади. Йўналишдаги автобуслар сони 23 тани (шундан 17 таси 17 метрлик ва 5 таси 24 метрлик автобуслар харид қилиш режалаштирилган), йўналишнинг ўртача вақти 42,4 дақиқани, оралиқ интервал ўртача 5 дақиқани ташкил этади.

Таъкидланишича, лойиҳадан кўзланган мақсад йўналишдаги тезюрар автобусларнинг ҳаракатланиш тезлигини 25 фоизга ошириш, светофорлар фазаларини ўзгартириш орқали транспорт воситаларининг тўхтаб туриш вақтини 48 фоизга камайтиришдан иборат. Шунда жамоат транспортида энг узоқ магистрал йўналиш бўйича ҳаракатланиш вақти ўртача 45 фоизга камаяди. Бу тизим яратилиши орқали аҳолининг бир манзилдан иккинчи манзилга автомобилдан кўра жамоат транспортида тезроқ етиб бориши таъминланади. Лойиҳа 2021 йилнинг 1 сентябрига қадар амалга оширилиши режалаштирилган.

 

Янгиликлар