Эркин Турдимов оқсоч аёллар ҳақидаги гапларига изоҳ берди

Самарқанд вилояти ҳокими Эркин Турдимов журналист ва блогерлар учун матбуот анжумани ўтказди. Бу ҳақда вилоят ҳокимлиги матбуот хизмати «Тez News»га хабар берди.

Фото: Самарқанд вилояти ҳокимлиги матбуот хизмати

Маълум қилинишича, анжуманда вилоят ҳокими ижтимоий тармоқларда турлича талқин этилаётган оқсочлар ҳақидаги фикри юзасидан изоҳ берган.

«Жойларда оқсоч аёллар, уй хизматчилари тайёрлаш маркази очиш зарурлиги ҳақидаги таклифим ижтимоий тармоқларда турлича талқин қилинди. Аввало, бу фикрни азиз аёлларимиз ҳимояси учун билдирдим.

Биз бу соҳада тартиб ўрнатилишини, уй хизматчиларининг қонуний ҳуқуқ ва манфаатлари ҳимоя қилинишини, миллат шаънини туширишни эмас, юксалтиришни истаймиз. Шунинг учун уларни ўқитадиган марказлар ташкил этиш керак, деб ҳисоблаймиз», — деди Эркин Турдимов.

Фото: Самарқанд вилояти ҳокимлиги матбуот хизмати

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Эркин Турдимов оқсоч аёлларга талаб ортиб бораётгани, хотин-қизларни шу касбга ўргатиш кераклигини айтганди. Кейинчалик Самарқанд вилояти ҳокимлиги матбуот хизмати ушбу фикрлар юзасидан расмий муносабат билдирди. Шунингдек, оқсоч аёллар мавзусига Меҳнат вазирлиги ҳам муносабат билдирган.

Янгиликлар