Фарғона водийсидаги энергия муаммосини ўрганиш учун Сенат ишчи гуруҳи тузилди

Олий Мажлис Сенати томонидан Фарғона водийси вилоятларида табиий ва суюлтирилган газ, кўмир ҳамда электр энергияси билан таъминлаш ҳолатини ўрганиш бўйича ишчи гуруҳ тузилди. Бу ҳақда Сенат раиси Танзила Норбоеванинг Telegram каналида маълум қилинди.

Фото: «trend»

Таъкидланишича, ишчи гуруҳ вилоятлардаги Монополияга қарши курашиш бошқармаларида соат 14:00 дан 18:00 га қадар қуйидаги жадвалга асосан қабулни ташкил этади:

  • Наманган шаҳрида 27 ноябрь куни;
  • Андижон шаҳрида 28 ноябрь куни;
  • Фарғона шаҳрида 29 ноябрь куни.

Аввалроқ Фарғона вилоят прокуратураси ҳудуддаги электр энергияси узилишлари бўйича масъул корхоналарнинг мансабдор шахсларига маъмурий иш қўзғатгани ҳақида хабар берилганди. Унда назорат тадбирларида юқори кучланишли электр тармоқларида содир бўладиган аварияларни тезкор бартараф этиш бўйича мобиль гуруҳлар фаолияти ҳамда моддий-техник базаси тўлиқ ташкил этилмаганлиги оқибатида вилоят ҳудудларида кунига 3 соатдан 28 соатгача электр энергияси етказиб берилишида узилишлар кузатилганлиги аниқланган. Шунингдек, Танзила Норбоева ҳудудлардаги электр энергияси ва газ муаммоси ҳақида гапиргани ҳақида хабар берилган.

Янгиликлар