Фарғонада уйида 22 туп каннабис етиштириб келаётган шахс аниқланди
Фарғона тумани Юқори чимён кўчасида яшовчи A.A.нинг яшаш хонадони 17 август, душанба куни текширилганда томорқасида 22 туп каннабис гиёҳвандлик ўсимлиги етиштирилаётгани аниқланган. Бу ҳақда вилоят ИИБ aхборот хизмати хабар қилди.
Хабарга кўра, унинг уйи холислар иштирокида кўздан кечирилган. Шунингдек, каннабис ҳовлидаги мевали дарахтлар орасидан топилган.
Қайд этилишича, ҳолат юзасидан Фарғона тумани ИИБ ҳузуридаги тергов бўлими томонидан Жиноят кодексининг 270-моддаси (Тақиқланган экинларни етиштириш) 1-қисми билан жиноят иши кўзғатилган.
Эслатиб ўтамиз, Самарқандда томорқасида 19 туп каннабис етиштираётган шахс қўлга олингани ҳамда Пастдарғомда уйида 8 туп каннабис ўсимлигини етиштираётган аёл қўлга олингани ҳақида хабар берилганди.