Избосканда ўқувчилар маҳалла фуқаролар йиғинининг совуқ ва зах хоналарида таълим олаётгани рад этилди
Андижон вилояти Избоскан туманида ўқувчилар маҳалла фуқаролар йиғинининг совуқ ва зах хоналарида таълим олаётгани ҳақидаги хабар туман ҳокимлиги матбуот хизмати томонидан рад этилди.
Маълум қилинишича, 15 октябрь, пайшанба куни ижтимоий тармоқларда «Избосканда туя гўшти еган қурилиш» сарлавҳаси остида танқидий мақола тарқалган. Мазкур мақола кўплаб муҳокамаларга сабаб бўлган. Ушбу мақола юзасидан туман ҳокимлиги ҳамда халқ таълими бўлими томонидан ишчи гуруҳ тузилиб, ўрганиш ишлари олиб борилган.
Таъкидланишича, Шакват Мирзиёевнинг 2020 йил 10 январдаги қарорига асосан Избоскан туманидаги 31-умумтаълим мактаби 2019 йилги Инвестиция давлат дастурига киритилган ва 2020 йилда қурилиш ишларини якунлаш режалаштирилган. Пудратчи ташкилот «Мукаммал таъмир қурилиш кўрки» масъулияти чекланган жамияти томонидан 3 миллард 277 миллион 500 минг сўм маблағ эвазига реконструкция қилиш ҳамда қўшимча янги бино қуриш ишлари олиб борилмоқда.
Хабарга кўра, янги қурилган 180 ўринли бино тўлиқ ишга тушган ҳамда мазкур бинода таълим жараёни олиб борилмоқда. Мавжуд 192 ўринли ўқув биноси капитал таъмирланмоқда ва унинг 90 фоиз таъмирлаш ишлари якунланган. Бино октябрь ойи якунига топширилиши режалаштирилган.
Мактаб директори ҳамда «Наврўзобод» МФЙ раиси билан суҳбат олиб борилганда, мактабда жами 394 нафар ўқувчи таълим олиши ва таълим жараёни 2 сменада ташкил этилгани айтган. Шунингдек, ўқувчиларнинг 295 нафари анъанавий ҳамда 99 нафари онлайн шаклда таълимга жалб қилинган. Ўрганишлар давомида мақолада айтилган «Ўқувчилар маҳалла фуқаролар йиғинининг совуқ ва зах хоналарида таълим олишмоқда» айблови ёлғон ва асоссиз эканлиги аниқланган.
Маълумот учун, сўнгги 3 йил давомида туманнинг 15 та умумий ўрта таълим мактабларида жами 51 миллиард 300 миллион сўмлик қурилиш таъмирлаш ишлари олиб борилган.
Бундан аввал Пахтаободда фуқарога тегишли иссиқхона ва боғ бузиб ташланаётгани ҳақидаги хабар рад этилгани ҳамда Андижонда газ таъминотининг узилиши ва пасайиш сабаблари маълум қилинганди. Кейинчалик Андижонда 6 та эгизак чақалоқ туғилгани ва Избоскандаги тиббиёт муассасасида COVID-19’га чалинган ходимлар ишлаётгани рад этилгани ҳақида хабар берилганди.