Андижонда газ таъминотининг узилиши ва пасайиш сабаблари маълум қилинди

«Hududgaz Andijon» газ таъминоти филиали матбуот хизмати «Tez News»га Андижон вилояти ҳудудида вақтинчалик газ таъминотида узилишлар ва босим пасайиши магистрал газ қувурларида таъмирлаш ишлари олиб борилаётганлиги сабабли юзага келаётганлигини маълум қилди.

Таъкидланишича, «Hududgaz Andijon» газ таъминоти филиали тасарруфидаги барча шаҳар ва туман газ таъминоти бўлимларига магистрал газ қувурлари орқали етказиб берилаётган табиий газни биринчи навбатда аҳоли, кўп қаватли уйлар ва ижтимоий соҳа муассасаларига йўналтирилиши, табиий газга боғлиқ кўнгилсиз ҳодисаларнинг олдини олиш бўйича ишлар ташкил этилган ва кучайтирилган ишчи гуруҳларнинг шайлиги таъминланган.

«‘Hududgaz Andijon’ газ таъминоти филиали таъмирлаш ишлари туфайли газ таъминотидаги вақтинча узилишлар сабабли етказилаётган ноқулайликлар учун аҳоли ва газ истеъмолчиларидан узр сўрайди», дейилади хабарда.

Шунингдек, фуқаролардан:

  • газ анжомларидан фойдаланиш вақтида уларни қаровсиз қолдирмаслик, уйдан чиқаётганда газ анжомларини ўчириб қўйишни унутмаслик;
  • газ анжомларини ўзбошимчалик билан созламаслик ва бошқа жойга кўчирмаслик;
  • газ анжомларидан резина шланг улаб фойдаланмаслик;
  • газ анжомлари жўмраклари (кран)ни очиқ қолдирмаслик;
  • мавжуд тутун чиқариш мўриконларининг созлигини кўнгилли ўт ўчириш жамияти томонидан текширтириш;
  • газнинг сизиб чиқишини совун кўпиги ёрдамида текшириш (очиқ олов билан эмас) каби конун-қоидаларга риоя этишлари сўралган.

Аввалроқ Фарғонада газ истеъмолчиларига куз-қиш мавсумида салкам 40 минг тонна суюлтирилган газ етказиб берилиши, Пастдарғомда аҳолидан салкам 60 миллион сўмни газ тўлови учун йиғиб, давлатга топширмаган иш бошқарувчи ушлангани ҳамда Самарқанддаги барча хонадонларга 2021 йил 1 августгача электрон газ ҳисоблагичлар ўрнатилиши ҳақида хабар берилганди.

Янгиликлар