Пастдарғомда аҳолидан салкам 60 млн сўмни газ тўлови учун йиғиб, давлатга топширмаган иш бошқарувчи ушланди

Самарқанд вилояти Пастдарғом туманида аҳолидан салкам 59 322 000 сўм пулни газ тўлови учун йиғиб олиб, давлатга топширмаган хусусий корхона иш бошқарувчиси қўлга олинди. Бу ҳақда Ички ишлар вазирлиги ҳузуридаги Тергов департаменти хабар берди.

Маълум қилинишича, Самарқандда 2020 йил январь ойида Самарқанд газ таъминоти филиали билан Пастдарғом туманида фаолият юритувчи хусусий корхона ўртасида икки томонлама, яъни аҳоли томонидан табиий газ учун тўланган тўлов пулларини қабул қилиб, ҳисоб рақамларига ўтказиш бўйича шартнома тузилган.

Шартномага кўра, хусусий корхона иш бошқарувчиси 29 ёшли Б.Б. Пастдарғом тумани газ таъминоти бўлимининг маъмурий биносида аҳолидан газ учун тўловларни нақд пул шаклида қабул қилиб, фуқароларга муҳрланган тўлов квитанцияларини бериши ҳамда пул маблағларини газ таъминоти филиали ҳисоб рақамига ўтказиши лозим бўлган.

Қайд этилишича, 2020 йил август ойида Б.Б. Пастдарғом туманида 264 нафар фуқародан газ истеъмоли учун тўлов қилинган умумий 59 322 000 сўм пулни қабул қилиб, уларга муҳрланган квитанциялар тақдим қилган бўлса-да, пулларни газ таъминоти филиали ҳисоб рақамига ўтказмаган.

Хабарга кўра, фуқаро Б.Б. Пастарғом туман газ таъминоти бўлимининг масъул ходими 25 ёшли Ш.Ў. билан жиноий тил бириктириб, сохта маълумотларни киритиб, ушбу пулларни газ таъминоти филиалининг ҳисоб рақамига тушганлигини кўрсатиб, ўзининг жиноятини яширган ва фуқароларнинг пулларини ўз эҳтиёжларига сарфлаб юборган.

Маълумотларга кўра, Самарқанд вилояти ИИБ ҳузуридаги Тергов бошқармаси томонидан Жиноят кодексининг 167-моддаси 2-қисми «в» банди (Ўзлаштириш ёки растрата йўли билан талон-торож қилиш) билан жиноят иши қўзғатилган. Ҳозирда тергов ҳаракатлари давом эттирилмоқда.

Эслатиб ўтамиз аввалроқ Самарқанд шаҳрида 42 нафар улгуржи истеъмолчи газ тармоғидан узиб қўйилганди. Шунингдек, Самарқанд шаҳрида газ тўлови қарздорларидан 95 миллион сўм ундирилгани хабар қилинганди.

Янгиликлар