Фарғонада газ истеъмолчиларига куз-қиш мавсумида салкам 40 минг тонна суюлтирилган газ етказиб берилади

Фарғона вилояти газ истеъмолчиларига куз-қиш мавсумида салкам 40 минг тонна суюлтирилган газ етказиб берилади. Бу ҳақда «Ҳудудгаз Фарғона» газ таъминоти филиали матбуот хизмати «Tez News»га хабар берди.

Маълум қилинишича, вилоят бўйича жами суюлтирилган газ истеъмолчилари сони 511 270 нафарни ташкил қилиб, шундан 510 863 нафар аҳоли истеъмолчилари қолган 407 таси МТМларни ташкил этади. Истеъмолчиларда жами 562 871 газ балонлар мавжуд бўлиб, шундан 431 892 таси истеъмолчиларга шартнома асосида етказиб берилган ва қолган 131 375 донаси истеъмолчиларнинг шахсий баллонлари эканлиги қайд этилган.

Қайд этилишича, «Ҳудудгаз Фарғона» газ таъминоти филиали томонидан вилоят истеъмолчиларига 2020/2021 йил куз-қиш мавсуми даврида етказиладиган суюлтирилган газ режаси ишлаб чиқилган. Режага кўра, истеъмолчиларга 2020 йилнинг тўртинчи чораги давомида жами 20 746 тонна, 2021 йилнинг биринчи чораги давомида эса 19 837 тонна суюлтирилган газ етказиш режалаштирилган.

Маълум қилинишича, мазкур фонд ҳар бир туман ва шаҳаргаз газ таъминоти бўлимларига истеъмолчи сонига қараб ажратилади ва маиший газ балонлар ҳам шунга кўра шакллантирилади. Шунингдек, октябрь ойида суюлтирилган газ етказиб бериш режаси 6 636.5 тоннани ташкил этиб, улар филиалга қарашли газ балонлар ташувчи, ойлик қуввати 5 727 тонна бўлган 107 та транспорт воситасида вилоят истеъмолчиларига етказилиши бошланган.

Бундан аввал Ромитанда 7270 нафар аҳоли суюлтирилган газ билан таъминлангани ва Бухорода 169 минг нафардан ортиқ истеъмолчи газ баллонлари билан таъминланиши ҳақида хабар берилган эди. Сўнгра Марғилонда ёрилган қувур таъмирланиб, 740 та хонадонда табиий газ таъминоти қайта тиклангани маълум қилинди.

Янгиликлар