Избоскандаги тиббиёт муассасасида COVID-19’га чалинган ходимлар ишлаётгани рад этилди
Андижон вилояти Избоскан туманида коронавирус инфекцияси билан касалланган тиббиёт ходимлари фаолият юритаётгани рад этилди. Бу ҳақда туман ҳокимлиги матбуот хизмати хабар берди.
Маълум қилинишича, ижтимоий тармоқларда «Тиббиёт ходимлари: Шприц, ниқоб, антисептик, ҳатто дока ҳам тўлиқ берилмаяпти» номли танқидий мақола тарқалган. Мақола юзасидан Избоскан туман ҳокимлиги, туман тиббиёт бирлашмаси бошлиғи, доимий фаолиятдаги ҳайъат аъзолари ҳамда коронавирус инфекцияси билан касалланган беморларга тиббий хизмат кўрсатиш мақсадида фаолият кўрсатаётган махсус бўлим мудири, бўлим катта ҳамшираси иштирокида ўрганиш ишлари олиб борилган.
Ўрганиш давомида туман тиббиёт бирлашмаси ички дорихонаси мудири фаолияти ва ички дорихонасидаги мавжуд дори-дармон, тиббий ашёлар, шахсий ғазна хисоб рақамлари қолдиқлари кирим-чиқим хужжат шакллари ўрганилганда юқоридаги мақолада келтирилган ҳолатлар ҳақиқатдан йироқлиги, яъни бирлашма тасарруфидаги даволаш-профилактика муассасалари, марказий шифохона даволаш бўлимларига эҳтиёжидан келиб чиқиб тақдим этилган талабномаларга асосан дори-дармон ва ШХВлар бериб келинаётгани аниқланган.
Бундан ташқари, ушбу воситаларнинг ички дорихонада қолдиқлари ўрганилганда тиббий дока 2150 метр, антисептик гел спрей 455 дона, антисептик гел 25 дона, тиббий ниқоб 7650 дона, шахсий ҳимоя воситаси комбензон эса 1283 дона мавжудлиги қайд этилган. Шунингдек ўрганиш давомида ички дорихона томонидан махсус бўлимга талабномага кўра тақдим этилган дори дармон воситлари, тиббий ашёлар, ШХВлари қайд этиб ўтилган рақамларга мос келиши, у ерда фаолият олиб бораётган ходимлардан сўров қилинганда эса ҳар бир смена учун етарли миқдорда ушбу воситалар берилаётганига гувоҳ бўлинган.
Махсус бўлимда даволанаётган беморлар касаллик тарихи ҳужжат шакллари танлов йўли билан ўрганилганда асосий дори воситалар бюджетдан тўлиқ таъминлаётганлиги, хусусан, антибиотиклар ва бошқа дори воситалари адекват тарзда даволаш стандартларига асосан буюрилганлиги, қайд этилган дори воситлари ҳақиқатда беморларга сарф этилганлиги аниқланган.
Қайд этилишича, мақоланинг «COVID-19 касаллиги билан касалланган тиббий ходимлар бўлимларда уқол қилиб юрибди, ҳеч кимнинг иши йўқ» мазмунидаги қисми юзасидан терапия бўлимида ўрганиш олиб борилган.
Терапия бўлимида, ҳақиқатдан ҳам, мазкур бўлимда 3 нафар ходим COVID-19 касаллиги билан касалланганлиги, бироқ ушбу ходимлар касаллик клиник белгисига ва таҳлил натижасига кўра, тиббий ҳолатидан келиб чиқиб, уй шароитидаги тиббий кузатув ва даволашга жалб этилганлиги, даволаниш жараёнида тиббиёт ходимлари яшаш жойидаги ҚОП, ҚВПнинг мобиль бригадалари орқали назорат қилинганлиги, бу давр мобайнида тиббиёт ходимлари касаллик варақаси расмийлаштирилиб, амалдаги тартибларга кўра иш ҳақи сақланган ҳолда уй шароитида даволанганлиги аниқланган.
Бундан аввал Қўқон шаҳар ХТБ ходимларида коронавирус аниқлангани ҳақидаги хабар рад этилгани ҳақида хабар берилган эди. Кейинчалик Қўқондаги мактабда иситмалаётган ўқитувчилар ишлаётгани ҳақидаги хабар инкор этилгани маълум қилинганди.