Тошкентда крипто-активлар билан ноқонуний савдо қилган яна 2 йигит қўлга олинди

12 июнь куни Жиноят ишлари бўйича Чилонзор туман суди крипто-активлар айланмаси билан ноқонуний савдо қилган фуқароларга нисбатан иккита ишни кўриб чиқди.

Биринчи иш материалларига кўра, 26 апрель куни ўтказилган тезкор тадбир давомида 20 ёшли Д.Х. томонидан «Binance» платформасида крипто-активларни ноқонуний сотилгани аниқланган.

Суд мажлисида йигит ўз айбига иқрор бўлиб, қилмишига пушаймон бўлганини айтган. Шунингдек у крипто-активлар муомаласи қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда амалга оширилиши кераклигини билмаганлигини маълум қилган.

Суд қарори билан Ўзбекистон Республикаси Маъмурий кодексининг 155-4-моддаси (Крипто-активлар муомаласи соҳасидаги қонун ҳужжатларини бузиш) билан 3 суткага маъмурий қамоқ жазоси тайинланди. Бундан ташқари, йигитнинг «Samsung» русумдаги телефонини йўқ қилиш ва DVD дискини мусодара қилиш буюрилди.

Иккинчи ҳолатда, 24 ёшли фуқаро М. Х. ўз телефони ва пластик картасидан крипто активлари билан ноқонуний фаолият олиб боргани аниқланган. Хусусан, 2023 йил октабрь ойидан бошлаб у крипто-активларни сотиб олиш учун «Binance» платформасидан фойдаланган. Йигит ўз айбига иқрор бўлиб, қилмишининг қонунга хилофлигидан хабари йўқлигини айтган.

Суд қарори билан фуқаро М. Х. Ўзбекистон Республикаси Маъмурий кодексининг 155-4-моддаси (Крипто-активлар муомаласи соҳасидаги қонун ҳужжатларини бузиш) жиноятини содир этганликда айбдор деб топилиб, унга нисбатан 10 сутка маъмурий қамоқ жазоси тайинланди. Шунингдек, унинг пул ўтказган банк пластик картаси ва «LG» русумдаги мобил телефонини йўқ қилиш белгиланган.

Янгиликлар