Наманганга CОVID-19’га қарши курашда кўмаклашиш учун россиялик бир гуруҳ шифокорлар келди (фото)
Наманган вилояти ҳокими вазифасини бажарувчи Шавкат Aбдураззоқов 26 cентябрь куни Наманган шаҳридаги вилоят соғлиқни қайта тиклаш марказида вилоятга коронавирусни бартараф этишда кўмак бериш учун келган бир гуруҳ россиялик шифокорлар билан учрашди. Бу ҳақда вилоят ҳокимлиги матбуот хизмати хабар берди.
Қайд этилишича, вилоят ҳокими шифокорларнинг касалликни самарали даволаш борасидаги фикрлари билан қизиқиб, шифохоналардан бирини уларнинг тавсиялари асосида қайта жиҳозлаш зарурлигини таъкидлаган.
Шу билан бирга, Шавкат Aбдураззоқов Наманган шаҳридаги юқумли касалликлар шифохонасида бўлган. Вилоят раҳбари бу ерда беморлар ва тиббиёт ходимлари учун яратилган шароитлар билан танишган. Беморлар, уларни йўқлагани келган яқинлари билан мулоқотда бўлган.
Вилоят раҳбари, шунингдек, Наманган шаҳридаги CОVID поликлиника, вилоят кўп тармоқли тиббиёт маркази, вилоят тери ва таносил касалликлари диспансери, 1-туғруқ комплекси ва бошқа даволаш масканларида ҳам бўлиб, бугунги кунда коронавирусга қарши кураш борасида олиб борилаётган ишлар ҳолатини кўздан кечирган.
Мавзуга доир: Наманган вилоятига янги ҳоким тайинланди
Aввалроқ Наманган вилояти ҳокими коронавирусни даволашга ихтисослашган шифохоналар билан танишгани ҳақида хабар берилганди. Таъкидланишича, вилоят раҳбари Наманган шаҳридаги 2-болалар ва ўсмирлар спорт мактаби биносида жойлашган саралаш ва тақсимлаш марказида бўлган.