Наманганда 23 ёшли қиз икки эркакни калтаклади
Наманган вилояти Норин туманида 25 июнь куни Г.A. исмли аёл жамиятда юриш-туриш қоидаларини қасддан менсимай, фуқаро У.A. ҳамда A.Н. (эркак)ни уриб, дўппослаган. Бу ҳақда Тергов департаменти матбуот хизмати хабар берди.
Маълум бўлишича, 25 июнь куни соат 17:30 да 23 ёшли Г.A. жамоат жойи ҳисобланган Норин тумани «Зарбдор» маҳалласи ҳудудидан ўтган автомобиль йўлида 33 ёшли У.A.ни ҳеч бир сабабсиз қасддан қўллари билан уриб, оёқлари билан тепиб, дўппослаб тан жароҳати етказган.
Бундан ташқари, Г.A. ўзининг жиноий хатти-ҳаракатларини давом эттириб, безорилик ҳаракатларининг олдини олаётган 30 ёшли A.Н.га фаол қаршилик кўрсатиб, унинг юз қисмига қўллари билан қасддан бир неча маротаба урган.
Мазкур ҳолат юзасидан Норин тумани ички ишлар бўлими ҳузуридаги тергов бўлими томонидан Г.A.га нисбатан Жиноят кодексининг 277-моддаси 3-қисми «г» банди (Жамоат тартибини сақлаш вазифасини бажариб турган ҳокимият вакили ёки жамоатчилик вакилига ёхуд безорилик ҳаракатларининг олдини олиш чорасини кўрган бошқа фуқароларга қаршилик кўрсатиб содир этилган безорилик) билан жиноят иши қўзғатилган.
Ҳозирда дастлабки тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Aввалроқ Наманганда талаб юқори бўлган дорининг ҳар бир қутисини 576 минг сўмдан пуллаган шахслар ушлангани ҳақида хабар берилганди. Шунингдек, вилоятда 7 нафар маҳкум муддатидан аввал озид этилгани хабар қилинган.