Чиноз ва Наманганда талаб юқори бўлган дорининг ҳар бир қутисини 576 минг сўмдан пуллаган шахслар ушланди

Тошкент вилояти Чиноз туманида 65 қути «Клексан» дори воситасини 37,5 миллион сўмга сотган шахслар қўлга олинди. Бу ҳақда Бош прокуратура «Tez News»га хабар берди.

Бош прокуратура ҳузуридаги Департаментнинг Чиноз туман бўлими томонидан пандемия шароитида аҳоли талаби юқори бўлган дори воситаларининг қиммат нархларда сотилиши ҳамда ноқонуний муомалага киритилишининг олдини олиш мақсадида ўтказилган тезкор тадбирда фуқаро Ш.А. харидорга
65 қути «Клексан» дори воситасининг ҳар бир қутисини 576 минг сўмдан ҳисоблаб, 37,5 миллион сўмга сотган вақтида ашёвий далил билан ушланган.

Шунингдек, Ш.А.нинг кўрсатувларига асосан тезкор тадбир давом эттирилиб, Наманган вилоятида дори воситаларини олиб сотиш билан шуғулланиб келаётган фуқаролар Я.М. ва А.Х. Ш.А.дан 65 қути «Клексан» дори воситалари учун 37,5 миллион сўмни олган вақтида ушланган.

Мазкур ҳолатлар юзасидан қонунбузарларга нисбатан Жиноят кодексининг тегишли моддалари билан жиноят ишлари қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари ўтказилмоқда.

Аввалроқ Самарқандда 34 миллион сўмдан ортиқ дори воситаларининг, Сурхондарёда 48 миллион сўмлик вирус блокаторларининг ноқонуний савдосига чек қўйилгани хабар қилинган эди.

Янгиликлар