Нукусда ижарада яшаётган 4 нафар қиз, Янгийўлда бир оила ис газидан заҳарланди
Қорақалпоғистон Республикасининг Нукус шаҳри ва Тошкент вилоятининг Янгийўл туманида 20 ноябрь куни 9 нафар фуқаро ис газидан заҳарланди. Бу ҳақда «Tez News»га Бош прокуратура матбуот хизмати хабар берди.
Таъкидланишича, Қорақалпоғистон марказидаги кўп қаватли уйларнинг бирида ижарада яшаб келаётган Нукус давлат педагогика институтининг талабаси бўлган тўрт нафар қиз хонадонда ўрнатилган иситиш қозонхонаси қувуридан сизиб чиққан ис газидан заҳарланган.
Шунингдек, Янгийўл тумани Қовунчи маҳалла фуқаролари йиғини ҳудудида истиқомат қилувчи бир оиланинг беш нафар аъзоси (ота-она, уч нафар вояга етмаган фарзанд) ҳам яшаб келган уйнинг ошхонасида ис газидан заҳарлангани айтилмоқда. Заҳарланганларнинг барчаси шифохонага ётқизилган. Вафот этганлар ҳақида маълумот йўқ.
Хабарда айтилишича, ҳар икки ҳолат бўйича (маҳаллий прокуратура органлари томонидан) терговга қадар текширув ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Aввалроқ Сирдарёда ис газидан заҳарланган келин-куёв вафот этгани ҳақида хабар берилганди.