Ўзбекистон МДҲ давлатлари Савдо-саноат палаталари раҳбарлари кенгашининг онлайн шаклидаги йиғилишига раҳбарлик қилди
Ўзбекистон Савдо-саноат палатасида 9 сентябрь, чоршанба куни МДҲга аъзо мамлакатларнинг Савдо-саноат палаталари раҳбарлари кенгашининг XVIII йиғилиши видеоконференцалоқа форматида бўлиб ўтди. Бу ҳақда «Tez News» мухбири хабар берди.
Маълум қилинишича, ушбу кенгашда МДҲ Ижроия қўмитаси раиси Сергей Лебедев, МДҲга аъзо давлатларнинг Савдо-саноат палаталари раҳбарлари ҳамда Ўзбекистондаги МДҲ давлатлари фавқулодда муҳтор элчилари иштирок этган. Мазкур кенгашга Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси раиси Адҳам Икромов раислик қилган.
Қайд этилишича, кенгашда Сергей Лебедев Шавкат Мирзиёевнинг мамлакатда «Бизнес ташаббуслари ҳафталиги»ни ташкил этиш ҳамда унинг ҳомийлигидаги МДҲ давлатларининг иқтисодий фаоллигини мустаҳкамлаш ва оширишга қаратилган тадбирларни ўтказиш ташаббуси муҳим аҳамиятга эга эканлиги таъкидлаган.
Тадбирда сўз олган Беларусь Савдо-саноат палатаси президенти Владимир Улахович пандемия даврида иқтисодиётдаги асосий зарар пандемий сабаб вужудга келмагани айтиб ўтган.
«Пандемия даврида асосий зарар касалланишлар сони ошишидан эмас, чегаралар ёпилганлигини туфайли имкониятлар чекланганлиги сабабли вужудга келди»,—деди Владимир Улахович.
Шунингдек, Беларусь Савдо-саноат палатаси президенти Адҳам Икромов иштирок этган биринчи онлайн агро тақдимотга ҳам тўхталиб ўтган.
«Адҳам Икромов бизга анъанавий шерикчилигимизнинг давоми сифатида биринчи онлайн агро тақдимот лойиҳасини ишлаб чиққанимиз учун миннатдорчилик билдирди. Биз ушбу лойиҳани интернет тармоғида ‘World of Tanks’ номи билан оммалашган дастур ишлаб чиқарувчилари билан ҳамкорликда амалга оширдик. Бошқача қилиб айтганда, фойдаланувчи тақдимотга виртуал тарзда ташриф буюриши, музокаралар олиб бориши ва икки томонлама шерикчилик муносабатларини ривожлантириши мумкин. Ушбу лойиҳа, албатта, тадбиркорлар учун кутилмаган янгилик бўлди», — деду Беларусь Савдо-саноат палатаси президенти.
Тадбир сўнгида Адҳам Икромов иштирок этганларга ўз миннатдорчилигини билдирган. Мазкур кенгашнинг навбатдаги мажлиси 2021 йил Душанбеда ўтказилиши режалаштирилган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси ва Туркия палаталари ўртасида Туркия иқтисодиёт ва технологиялар университетининг Тошкентдаги филиалини очиш юзасидан меморандум имзолангани ҳақида хабар берилган эди.