Ўзбекистон мунтазам халқаро қатновларни босқичма-босқич тиклаши маълум қилинди

Комиссия қарори билан Коронавирус пандемияси даврида мунтазам халқаро авиақатновларни амалга ошириш тартиби тўғрисидаги вақтинчалик йўриқнома тасдиқланмоқда.

Маълум қилинишича, тегишли соҳа масъулларига барча турдаги халқаро қатновларни (авиа, темир йўл ва автомобиль) тиклаш бўйича хорижий малакатлар билан музокаралар ўтказган ҳолда қатновларни босқичма-босқич тиклаш чораларини кўриш вазифаси юклатилди.

Мазкур вақтинчалик йўриқнома 2020 йил 1 сентябрдан эътиборан кучга кириши ҳамда мазкур йўриқнома кучга киргандан сўнг хориждаги фуқароларни тўлов асосида меҳмонхонага карантинга жойлаштириш шарти билан чартер қатновларини ташкил этиш бўйича туроператорлар ҳамда авиакомпанияларга рухсатномалар бериш амалиёти тўхтатилиши, шу билан бирга аввал берилган рухсатномалар 2020 йил 1 октябрга қадар амал қилиши белгилаб қўйилди.

Шунингдек, қўшни давлатларда рўйхатдан ўтган ва республикага вақтинчалик олиб кирилган автотранспорт воситаларини Ўзбекистон ҳудудидан олиб чиқилишига рухсат берилди ҳамда қўшимча қулайликлар яратиш мақсадида бошқа хорижий давлатлар автотранспорт воситаларини қайтариб олиб чиқиш муддати 2020 йил 1 ноябрга қадар узайтирилди.

Эслатиб ўтамиз аввалроқ Ўзбекистон масжидларида 5 сентябрдан жума намозларига рухсат берилиши маълум қилинди.

Шунингдек, Ўзбекистонда 5 сентябрдан умумий овқатланиш объектлари, парклар ва театрлар фаолиятига рухсат берилиши маълум бўлди.

Маълумот учун, Ўзбекистонда 5 сентябрдан йўналишли таксида йўловчи ташишга рухсат берилади.

Янгиликлар