Ўзбекистон масжидларида 5 сентябрдан жума намозларига рухсат берилади

Республикада карантин талабларини қисқартириш мақсадида Республика махсус комиссиясининг навбатдаги қарори билан масжидларда жума намозларига рухсат берилди.

Маълум қилинишича, диний ташкилотларда жамоавий ибодатларни (жума ва шанба-якшанбалик диний хизматлар) амалга оширишга рухсат берилди. Бунда ушбу объектлар қуйидаги санитария қоидаларига риоя этиши талаб этилади:

  • Жамоавий ибодатни ўтказиш учун ташриф буюрувчилар ўртасида ижтимоий масофани таъминлаш;
  • Диний ташкилотлар ходимлари ва ташриф буюрувчиларнинг тиббий ниқобда бўлиши;
  • Санитария-гигиена ва дезинфекция талабларига қатъий риоя этиш, бино хоналарни доимий равишда дезинфекция қилиш, уларга кириш-чиқиш жойларини пирометрлар, антисептик воситалар ва дезинфекцион «тўшак»лар билан жиҳозлаш;
  • Ҳар бир диний ибодатдан кейин бино (хона) ва ундаги жиҳозларнинг юза қисмини дезинфекцион воситалар билан тозалаш;
  • Бино ва хоналарга, шунингдек, ҳаво айлантириш тизимига зарарсизлантириш анжомларини (ультрабинафша лампалар ва б.) ўрнатиш.
  • Тана ҳарорати 37 градус ва ундан юқори бўлган ёки инфекция аломатлари мавжуд бўлган ташриф буюрувчиларни киритмаслик;
  • Диний ташкилотларга кириш ва чиқиш жойларида аҳолининг тўпланишига қатъий йўл қўймаслик.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ ўзбекстонда 17 августдан масжидлар очилиши, аммо жума, шанба ва якшанба кунлари фаолиятга рухсат берилмаслиги маълум қилинди.

Кейинчалик Мусулмонлар идораси Ўзбекистонда масжидлар 17 августдан бошлаб ҳар куни ишлаши, фақат жума намозлари эпидемиологик вазият барқарорлашмагунга қадар адо этилмаслигини маълум қилган эди.

Янгиликлар