Ўзбекистонда 2020 йил биринчи ярмида энг кўп оилавий ажримлар қайси ҳудудларга тўғри келгани маълум қилинди

Ўзбекистонда 2020 йилнинг биринчи ярим йиллиги давомида 12 минг 810 та (ўтган йилнинг шу вақтига нисбатан 3 минг 151 та кам) оилавий ажралишлар рўйхатга олинган. Бу мамлакатдаги мавжуд оилаларнинг 0,03 фоизининг тақдири ажралиш билан якун топганини кўрсатмоқда. Бу ҳақда Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлиги матбуот котиби Саодат Боймирзаева 4 август куни AОКA ҳузуридаги штабда ўтказилган брифингда маълум қилди.

Таъкидланишича, юзага келган мазкур ажримлар натижасида 2020 йилнинг ўзида республика бўйича 8 минг 725 нафардан ортиқ вояга етмаган болалар ота ёки онасидан маҳрум бўлган.

«Рақамлар ўтган йилга нисбатан камайган бўлса-да, умумий ҳолат ва оилавий ажралишларнинг оқибатлари хавотирли эканлиги барчамизни сергаклантиради. Сабаби юзага келган мазкур ажримлар натижасида жорий йилнинг ўзида республика бўйича 8 минг 725 нафардан ортиқ вояга етмаган болалар ота ёки она меҳридан маҳрум бўлган.

Яна бир муаммоли ҳолат — ажрим ёқасига келиб қолган оилалар тақдири. Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлиги томонидан жорий йилнинг шу вақтига қадар 15 минг 413 та ажрим ёқасига келиб қолган оилаларнинг 9 минг 980 таси, яъни 60 фоизи яраштирилди. Шунингдек, никоҳи қонуний расмийлаштирилмаган 11 минг 985 та оила аниқланиб, уларнинг 5 минг 960 таси ёки 57,8 фоизининг никоҳи қонуний расмийлаштирилди.

Бу кўрсаткичларни ҳудудлар кесимида таҳлил қиладиган бўлсак, аҳоли ва оилалар сони кўплиги муносабати билан энг юқори рақамлар Тошкент шаҳар ва Aндижон вилоятларига тўғри келади. Жорий йилнинг шу кунига қадар пойтахт оилаларининг 1692 таси ажрашган, 918 та оила эса ажрим ёқасига келиб қолган. Кейинги ўринда 1498 та ажрашган оилалар билан Aндижон вилояти турибди. Вилоятдаги ажрим ёқасига келиб қолган оилалар сони эса 1716 тани ташкил этмоқда.

Aжралган оилалар сони Фарғона вилоятида 1304 та, Тошкент вилоятида 1308 та, Самарқанд вилоятида 1302 та, Наманган вилоятида 923 та, Қашқадарё вилоятида 815 та, Сурхондарё вилоятида 749 та, Бухоро вилоятида 744 та, Сирдарё вилоятида 529 та, Қорақалпоғистон Республикасида 513 та, Хоразм вилоятида 497 та, Жиззах вилоятида 489 та, Навоий вилоятида 447 тани ташкил этади»

Саодат Боймирзаева, Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлиги матбуот котиби

Aввалроқ 6 ой мобайнида 75,5 мингта никоҳ ҳамда 12,8 мингта ажрим ҳолатлари қайд этилгани ҳақда хабар берилганди. Шунингдек, сўнгги олти ойда Наманган вилоятида ФҲДЁ бўлимлари томонидан 200 та оиланинг турмуши тиклангани маълум қилинган.

Янгиликлар