Ўзбекистонда 5 сентябрдан йўналишли таксида йўловчи ташишга рухсат берилади
Республикада карантин талабларини қисқартириш мақсадида Республика махсус комиссиясининг навбатдаги қарори билан 5 сентябрдан йўналишли таксида йўловчи ташишга рухсат берилади.
Маълум қилинишича, 2020 йил 5 сентябрдан бошлаб:
Йўналишли таксида («Damas» русумли енгил автомобиллари бундан мустасно) йўловчи ташиш фаолиятига. Бунда ушбу объектлар қуйидаги санитария талабларига риоя этиши талаб этилади:
- Йўналишли такси фаолияти давомида карантин қоидаларига риоя этган ҳолда ҳар қатновга чиқишдан олдин ҳайдовчиларнинг тана ҳарорати пирометрларда ўлчаниб, 37 градус ва ундан юқори бўлган ҳолатда уларнинг транспорт воситасини бошқаришига йўл қўймаслик, уларнинг тиббий ниқоб ва қўлқопда бўлишини таъминлаш;
- Йўналишли таксида йўловчиларнинг тиббий ниқобда бўлишини, тиббий ниқоб бўлмаган ҳолатда уларнинг транспорт воситасига чиқишига йўл қўймаслик;
- Транспорт воситаси доимий равишда ҳар қатновга чиқишдан олдин (шу жумладан, ҳар бир ўриндиқни) тўлиқ дезинфекциядан ўтказилишини таъминлаш.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Ўзбекистон масжидларида 5 сентябрдан жума намозларига рухсат берилиши маълум қилинди.
Шунингдек, Ўзбекистонда 5 сентябрдан умумий овқатланиш объектлари, парклар ва театрлар фаолиятига рухсат берилиши маълум бўлди.