Ўзбекистонда меҳнат мигрантлари учун 10 млн сўмгача микроқарзлар берилади

Президентнинг 2020 йил 15 сентябрь куни «Хавфсиз, тартибли ва қонуний меҳнат миграцияси тизимини жорий қилиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори қабул қилинди. Унга кўра, мигрантлар учун хорижда ишга жойлашиш билан боғлиқ харажатларни қоплаш учун 10 миллион сўмгача миқдорда микроқарзлар берилади.

Қарорга мувофиқ, хавфсиз, тартибли ва қонуний меҳнат миграцияси тизими жорий этилади. Шунингдек, хорижда ишлашга кетишдан олдин Ўзбекистон фуқароларини касб-ҳунарга ва хорижий тилларга ўқитиш амалиётини самарали йўлга қўйиш, уларга касбий малакани тасдиқловчи халқаро тан олинадиган сертификатларни бериш тизимини жорий қилиш мазкур тизимнинг асосий йўналишларидан бири этиб белгиланган.

Қарорга кўра:

  • Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши раиси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимлари Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги ҳудудий филиалларига умумий раҳбарлик қилади;
  • ҳудудий филиал раҳбарлари Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши раиси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимларининг ёрдамчиси ҳисобланади;
  • ҳудудий филиаллар хорижий иш берувчилар билан келишувлар тузади ҳамда хорижга фуқароларни ишга юборади.

Шунингдек, 2021 йил 1 январдан «Ижтимоий ҳимоя ягона реестри ахборот тизими»га киритилган кам таъминланган оила аъзоси ташкиллаштирилган меҳнат миграцияси йўли билан вақтинчалик ишлаш учун хорижга чиқаётганда уларга микроқарзлар бериш тартиби жорий қилинади. Микроқарзлар хорижда ишга жойлашиш билан боғлиқ харажатларни қоплаш учун 10 миллион сўмгача миқдорда 1 йил муддатга берилади ҳамда микроқарз фоиз ставкасининг Марказий банк асосий ставкасидан ошадиган, лекин асосий ставканинг 1,5 бараваридан кўп бўлмаган қисми компенсация қилинади.

Қарорга мувофиқ, 2021 йил 1 январга қадар қуйидагилар:

  • Тошкент шаҳридаги «Ишга марҳамат» мономарказида «Япон тили ва касбий малака» тест маркази;
  • Фарғона шаҳридаги «Ишга марҳамат» мономарказида пайвандчилар мактаби;
  • Гулистон шаҳридаги «Ишга марҳамат» мономарказида ишчилар тайёрлаш ўқув маркази;
  • Наманган вилоятидаги профессионал таълим муассасаларида давлат-хусусий шериклик асосида «IT School» ўқув марказлари, чет тилларига ўқитиш ва хизмат соҳаси бўйича касбларга тайёрлаш ўқув марказлари ташкил этилади.

Эслатиб ўтамиз, Шавкат Мирзиёев хорижда ишлаётган фуқароларга патент ва суғурта харажатлари учун 10 миллион сўмгача кредитлар ажратиш ҳақида кўрсатма берган. Кейинчалик Ўзбекистон хориждаги 10 мингга яқин эҳтиёжманд фуқаросига 40 доллардан бир марталик моддий ёрдам кўрсатиши ҳақида хабар берилганди.

Янгиликлар