Ўзбекистонда соғлиқни сақлаш ходимларига кўп йиллик меҳнати учун устама тўланади
Президентнинг 2 октябрь куни «Соғлиқни сақлаш соҳасида давлат бошқаруви тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори қабул қилинди.
Қарорга кўра, Соғлиқни сақлаш вазири ўринбосари — Тошкент шаҳар соғлиқни сақлаш бош бошқармаси бошлиғи лавозими жорий этилди. Соғлиқни сақлаш вазири ўринбосари — Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий маркази бош директори лавозими тугатилди.
Қарорга мувофиқ:
- Қорақалпоғистон Республикаси соғлиқни сақлаш вазири ва вилоятлар соғлиқни сақлаш бошқармалари бошлиқлари соғлиқни сақлаш вазири томонидан тегишлича Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси Раиси ва вилоят ҳокимлари билан келишилган ҳолда;
- ҳудудий тиббиёт муассасалари раҳбарлари эса соғлиқни сақлаш вазири ҳамда Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси Раиси ва вилоят ҳокимлари билан келишилган ҳолда вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси бошлиқлари томонидан лавозимга тайинланади.
2020 йил 1 ноябрдан Соғлиқни сақлаш вазирлиги ва ҳудудий бошқарув органлари ходимларига қуйидаги миқдорда кўп йиллик иш фаолияти учун ҳар ойлик устама тўланади (рағбатлантириш коеффициентини инобатга олган ҳолда лавозим маошига нисбатан коеффициентларда):
- 1 йилдан 3 йилгача – 0,3;
- 3 йилдан 5 йилгача – 0,6;
- 5 йилдан 10 йилгача – 0,8;
- 10 йилдан 15 йилгача – 1;
- 15 йилдан 20 йилгача – 1,2;
- 20 йилдан юқори – 1,5.
Aввалроқ БАА Самарқандда тўрт юлдузли меҳмонхона ва савдо маркази қуриш учун 300 миллион доллар ажратгани ҳақида хабар берилганди.