Ўзбекистоннинг ҳар бир ҳудудида «ёшлар дафтари» ва «аёллар дафтари» шакллантирилади
Шавкат Мирзиёев раислигида 8 октябрь куни жамиятда аёллар ва ёшларнинг ролини ошириш ҳамда бандлигини таъминлаш чора-тадбирлари муҳокамаси юзасидан видеоселектор йиғилиши ўтказилди. Бу ҳақда Президент матбуот хизмати хабар берди.
Маълум қилинишича, ҳар бир маҳалла, туман, шаҳар ва вилоят кесимида «ёшлар дафтари» ва «аёллар дафтари» шакллантирилади. Бу рўйхатлар «темир дафтар»дан алоҳида бўлади. Унга ижтимоий, ҳуқуқий, психологик қўллаб-қувватлашга, билим ва касб ўрганишга эҳтиёжи ва иштиёқи бор бўлган ишсиз ёшлар ва хотин-қизлар киритилади. Бунинг натижасида улар билан тизимли, манзилли иш йўлга қўйилади.
«Бундан кейин одамларнинг уйига бориб, ишга муҳтожларни ишга жойлаштириш тизимини яратишимиз керак. Энди қайси жойда раҳбарлар уйма-уй юриб, масалаларни ҳал қилса, ўша жойда вазият ўзгаради. Энг асосий мақсад — иқтисодий барқарорликдан натижадорликка ўтиш», — дейди Президент.
Шунингдек, ишсиз ёшлар ва хотин-қизларда мотивация уйғотиб, касбий кўникмалар шакллантириш, психологик, ҳуқуқий, тиббий ва молиявий кўмак бериш муҳимлиги таъкидланган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Шавкат Мирзиёев босма нашрларни қўллаб-қувватлаш учун матбуот тарқатиш тизимини ривожлантириш муҳимлигини айтган эди.