Попда «Найман» маҳалласидаги 3000 дан ортиқ аҳолининг 18 нафаригина тадбиркор сифатида рўйхатдан ўтган

Наманган вилояти Поп тумани давлат хизматлари маркази томонидан 27 август, пайшанба куни «Найман» МФЙда аҳоли бандлигини таъминлаш, уларни тадбиркорлик соҳасига қизиқитириш ва бу орқали камбағалликдан чиқариш юзасидан сайёр қабул ўтказилди. Бу ҳақда Наманган вилояти ҳокимлиги матбуот хизмати хабар берди.

Маълумотларга кўра, «Найман» маҳалла фуқаролар йиғини, асосан, деҳқончилик, чорвачилик, асаларичилик билан шуғулланади. Бироқ 610 та хонадон, 3140 нафар аҳолиси бор қишлоқда 18 нафар фуқаро якка тартибдаги тадбиркор сифатида рўйхатдан ўтган. Ташкил этилган мазкур йиғилишда фуқароларга тадбиркорлик билан шуғулланиш, уни ривожлантириш ва бўш иш ўринларини яратиш ҳақида тушунтиришлар берилган.

Фото: Наманган вилояти ҳокимлиги матбуот хизмати

«Найманлик Исроил Aбдусаломов 3—4 йилдан бери тадбиркорлик билан шуғулланмоқчи. Бунинг учун эса унга кредит маблағи ва маслаҳат зарур. Сайёр қабул давомида у ўзига керакли маълумотларга эга бўлди», дейилади хабарда.

Бундан ташқари, шу куни Поп тумани давлат хизматлари маркази ходимлари томонидан уйма-уй юриб, ДХМ томонидан кўрсатилаётган хизматлар ҳақида ҳам маълумотлар берилган.

Аввалроқ ДХАнинг янги директори Андижондаги Давлат хизматлари марказлари фаолият билан танишгани, Марҳаматда карантин бошланганидан буён Давлат хизматлари марказига қанча ариза келиб тушгани ҳақда хабар берилганди.

Янгиликлар