Марҳаматда карантин бошланганидан буён Давлат хизматлари марказига қанча ариза келиб тушгани маълум қилинди

Андижон вилояти Марҳамат тумани Давлат хизматлари марказига Ўзбекистонда карантин тартиби эълон қилингандан буён фуқаролар ва тадбиркорлик субъектларидан қанча ариза ва мурожаатлар келиб тушганлиги маълум қилинди. Бу ҳақда вилоят Давлат хизматлари агентлиги хабар берди.

Фото: Марҳамат тумани Давлат хизматлари маркази матбуот хизмати

Марказ директори Фахриддин Комилжоновнинг маълум қилишича, карантин эълон қилинган кундан бошлаб бугунги кунга қадар марказга фуқаролар ва тадбиркорлик субъектларидан 11 минг 298 та ариза келиб тушган. Мурожаатларнинг асосий қисмини СТИР олиш ва аниқлаш, кадастр паспортини шакллантириш, фарзанд туғилганда бериладиган бир марталик нафақа пулини олиш учун ариза бериш, судланмаганлик тўғрисида, пенсия ҳақида маълумотномаларни олиш каби хизматларни ташкил этган.

Фото: Марҳамат тумани Давлат хизматлари маркази матбуот хизмати

Шунингдек, карантин даврида 482 та янги тадбиркорлик субъекти рўйхатдан ўтказилган бўлиб, уларнинг 294 таси якка тартибдаги тадбиркордир.

Давлат хизматлари агентлиги вилоят бошқармаси бошлиғи Маҳмуджон Абдижалиев 20 август, пайшанба куни Марҳамат туманида бўлиб, ушбу марказда аҳолига яратилаётган қулайликлар билан танишган. Учрашув мобайнида бошқарма бошлиғи марказ ходимларини карантин ва санитария-гигиена қоидаларига қатъий риоя қилишга чақирган.

Фото: Марҳамат тумани Давлат хизматлари маркази матбуот хизмати

Аввалроқ Давлат хизматлари агентлиги Андижон вилояти бошқармасига янги раҳбар тайинлангани, кейинчалик, Давлат хизматлари агентлигининг янги директори Улуғбек Мухаммадиев Андижондаги Давлат хизматлари марказлари фаолият билан танишгани ҳақида хабар берилганди.

Янгиликлар