Қандай қилиб ҳукуматни самарадор қилиш мумкин? Иқтисодчи Юлий Юсупов фикри

Иқтисодиётни либераллаштириш тарафдорлари улар гўё ҳокимиятга аралашмай туриб, қандайдир «ёввойи бозор»да иштирок этаётганини таъкидлайди. Бу — ғирт беъманигарчилик. Замонавий иқтисод фаол давлат бошқарувисиз ҳамда кучли ва салоҳиятли давлатсиз ривожлана олмайди.

Юлий Юсупов
Фото: Халқаро пресс-клуб

Фақат бу куч, одатда, постсовет ҳудудларда тушуниладиган куч каби эмас: бизнинг амалдорлар ўз ҳаракатларининг қанчалик қонунийлиги ва фуқароларнинг фикрига аҳамият бермасдан, нимани хоҳласа, шуни қайтараверади.

Ҳақиқатан ҳам кучли ҳукумат:

  • қонун доирасида ҳаракат қилади;
  • амалдорлар ёки олигархлар эмас, балки аҳоли манфаати учун ишлайди;
  • иқтисодий ривожланиш учун энг қулай шарт-шароитларни яратади.

Бундай ҳукумат аслида жуда кўп мажбуриятларга эга: бозорларда ўйин қоидаларининг ҳаққоний бўлишидан тортиб, таълим ва соғлиқни сақлаш тизимларини самарали ташкил этишгача. Шундай қилиб, давлатни йўқ қилишни истаган эскирган либераллар ҳақидаги ҳикоялар ҳақиқатга тўғри келмайди ва бу «эртакчилар»нинг саводсизлиги ёки инсофсизлигидан далолатдир.

Давлат замонавий иқтисодиётда кўплаб муҳим вазифларни бажариши керак. Бунда саволни давлат аралашуви зарурми ёки йўқми, деб эмас, балки унинг шакллари ва усулларига қаратиш керак. Бозор иқтисодиёти шароитида давлат бозор механизмларининг ишлашига халақит бермаслик, бозорни алмаштириш эмас, балки одамларнинг иқтисодий фаолияти учун қулай шарт-шароитлар яратиш, бозорнинг баъзи камчиликларини тўғрилаш учун жуда эҳтиёткорлик билан ҳаракат қилиши керак (масалан, саноат корхоналари томонидан атроф-муҳитнинг ифлослантирилиши, нархларни кўтариш учун йирик компанияларнинг ўзаро келишуви ва бошқалар).

Ўзбекистоннинг иқтисодий ривожланишидаги асосий муаммо шундаки, биз бозор иқтисодиётини яратишга ҳаракат қиляпмиз, аммо бизнинг давлат бошқарув тизимимиз совет давридан бери деярли ислоҳ қилинмаган ва ҳеч қачон замоннинг объектив талабларига жавоб бермаган. Бундан ташқари, мансабдор шахсларнинг аксарияти бозор қонунларини билмайди ва билишни ҳам хоҳламайди. Улар иқтисодиётни аввалги совет давридаги тамойиллар ва ёндашувларга мувофиқ бошқаради. Бундай шароитда эса бозор иқтисодиёти нормаль ҳолатда ишлай олмайди.

Умуман олганда, бизнинг аксар амалдорларимиз иқтисодиётга таъсир қилишнинг учта усулини қўллайди:

  1. Маҳсулотларнинг айрим тоифаларига ишлаб чиқариш, экспорт ва инвестицияларни кўпайтириш учун «яхши» таклифлар тўплами бўлган ҳар хил турдаги тармоқ ва секторал ривожланиш дастурларини ишлаб чиқиш. Бу — мутлақо маъносиз ва зарарли фаолият. Дастурлар «қанча кўп бўлса, шунчалик яхши» деган тамойилга асосланади, рақамлар кўпинча осмондан олинади, истеъмолчиларнинг реал эҳтиёжлари ёки ишлаб чиқарувчиларнинг реал имкониятлари ҳисобга олинмайди ва ишлаб чикаришни кенгайтириш аниқ ракобатбардош қилиб режалаштирилади.

Энг яхши ҳолатда дастурлар қоғозда қолади. Энг ёмонида эса уларга мос равишда янги корхоналар қурилиб, мавжуд ишлаб чиқариш базалари кенгайтирилади. Дастурлар кўпинча чекланган рақобат, улкан имтиёзлар ёки давлатнинг инекциялари билан яшаши мумкин. Ушбу тармоқлар тутқичсиз жомадонга айланади, яъни уни олиб юриб ҳам бўлмайди, ташлаб юборишга ҳам кўз қиймайди. Ушбу турдаги сиёсий лойиҳаларни молиялаштириш солиқ тўловчилар ва истеъмолчилар зиммасига оғир юкни юклайди, чекланган ресурсларни рақобатдош соҳаларга йўналтиришга имкон бермайди.

  1. Рақобатни чеклаш орқали сунъий монополияларни яратиш, шу жумладан:
  • хўжалик юритувчи субъектларни нотенг ҳолатга келтирадиган имтиёзларни, яъни якка тартибдаги корхоналар ёки корхоналар гуруҳларига ҳар хил имтиёзлар (солиқ, кредит, маблағларни сотиб олишда ва бошқалар)ни тақдим этиш;
  • танланган корхоналарни тўғридан-тўғри молиялаштириш (мақсадли дастурлар ва имтиёзли кредитлар);
  • импорт билан рақобатни чеклаш (тариф ва тарифсиз тўсиқлар орқали).

Бу ҳаракатларнинг барчаси нафақат рақобатни йўқ қилади, балки коррупциянинг авж олишига олиб келади ва пировардида иқтисодиётимиз рақобатбардошлилигини йўқотади.

  1. Иқтисодиётни қўлда бошқариш, бунда мансабдорлар:
  • тўғридан-тўғри иқтисодий фаолият билан шуғулланади (давлат хусусий бизнеснинг ўрнини босади, гўё амалдорлар пулни бошқаришни тадбиркорлардан яхшироқ билади);
  • мавжуд қоидаларга мувофиқ ҳал қилиниши керак бўлган муаммоларни қўл билан ҳал қилади, аммо ечим топилмайди.

Натижада давлат хусусий бизнесни иқтисодиётдан чиқариб, мустақил қилади ёки уни амалдорлар ва олигархлар ҳомийлигида ишлайдиган бизнес билан алмаштиради ва «кучли қўл» ҳуқуқий механизмларнинг ўрнини босади, яъни ижтимоий-иқтисодий жараёнларнинг ўзини ўзи бошқариш институтлари шаклланишига имкон бермайди. Ҳамма нарса амалдорларнинг шахсий хоҳиш-истакларига ва қарорларига боғлиқ бўлиб қолади.

Ушбу усулларнинг барчаси ўта самарасиз ва мамлакат иқтисодий ривожланишига зарарли ҳисобланади. Шу сабабли мен умуман амалдорларга иқтисодиётни бошқаришга рухсат бермаган ва иқтисодий ривожланиш учун масъул бўлган барча бўлинмаларни тугатган бўлардим. Тўғри, мен бу ҳақиқатда содир бўлмаслигини тушунаман. Бу шароитда қилиниши мумкин бўлган иш — амалдорлар фаолиятини шу пайтгача етказилган зарарни камайтириш орқали оптималлаштириш.

Тор функционал иқтисодий бўлимлар (Марказий банк, Молия вазирлиги ёки Солиқ қўмитаси)ни бир четга суриб қўяйлик. Бундай бўлимлар ҳар қандай иқтисодиётда давлат олдида турган асосий муаммоларни ҳал қилиш учун зарурдир. Келинг, ҳукуматимиздаги нечта идора бир хил вазифани бажараётгани, яъни иқтисодий ривожланишни тезлаштиришга кўмаклашаётганини кўриб чиқамиз.

Булар бош вазирнинг учта ўринбосари (иқтисодиёт, инвестиция ва ташқи иқтисодий алоқалар, туризм), юқоридаги учта тармоқ вазирликлари (иқтисодиёт, инвестициялар ва ташқи савдо, инновацияларни ривожлантириш), олтита марказий тармоқ бошқармалари (ахборот технологияларини ривожлантириш ва алоқа, қурилиш, транспорт, энергетика, Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси, Фармацевтика саноатини ривожлантириш агентлиги). Бундан ташқари, ушбу давлат тузилмаларининг аксарияти ўзининг ҳудудий бўлинмаларига эга.

Aммо бу ҳаммаси эмас. Бу ерда эски тармоқ бошқармалари (концернлар, акционерлик жамиятлари ва бошқалар) ҳисоблаб чиқилмаган (ҳисоблаш учун ҳаракат қилинган, аммо муваффақиятсиз якунланган). Бу тузилмалар раҳбарлари Президент томонидан тайинланади, уларнинг мансаби қандай номланишидан қатъи назар, барибир марказий идоралар раҳбарларига (улар ўзини вазир деб ҳисоблайди) тенглаштиради ва улар давлат мулкидан фойдаланади, молиялаштирилади.

Секторни бошқариш тузилмалари бир вақтнинг ўзида мутлақо номувофиқ вазифаларни бажаради (таърифига кўра, уларни турли ташкилотлар бажариши керак):

  • тармоқ даражасида давлат сиёсатини режалаштириш ва амалга оширишда фаол қатнашиш (вазирлик вазифаси);
  • ҳар хил турдаги рухсатномалар бериш ва хўжалик юритувчи субъектлар фаолияти устидан назоратни амалга ошириш (давлат идоралари ва инспекцияларининг вазифалари);
  • соҳадаги корхоналар манфаатларини ифода этиш (тармоқлар бирлашмаси вазифаси);
  • бундан ташқари, улар тижорий фаолият билан шуғулланади (хусусий бизнеснинг вазифалари).

Тўлиқ манфаатлар тўқнашуви бу — фантастика.

Aмалдорларнинг бу тўдаси (бошқачасига айтолмайсиз) худди шу масалани – иқтисодий тараққиётнинг ривожланишини ҳал қилмоқда. Бу ерда энг ҳайрон бўладиган жиҳат шуки, «энага»лар жуда кўпайиб кетса, бола «қаровсиз» қолиб кетади. Давлат бошқаруви иқтисодий блоки бундай ажойиб тузилишининг муқаррар натижаси қуйидагича: жавобгарликдаги сусткашлик, ягона мувофиқлаштирилган иқтисодий сиёсатнинг йўқлиги, иқтисодиётнинг даҳшатли бюрократлашуви, корпоратив ва шахсий манфаатларнинг миллий манфаатларга зарар етказиши.

Бу ерда нафақат бюджет маблағлари самарасиз ишлатилмоқда, балки мансабдор шахсларнинг зўравонлик билан олиб бораётган фаолияти ва солиқнинг юқори даражада эканлиги (фойда ва лойиҳалар учун пул керак) бизнес ва, умуман, иқтисодиёт учун қўшимча тўсиқларни юзага келтириб, рақобатни йўққа чиқармоқда.

Якуний натижа — собиқ социалистик лагер мамлакатлари орасида энг паст иқтисодий ўсиш (жадвалга қаранг), ушбу гуруҳнинг энг ривожланган мамлакати бўлган Словения бундан мустасно (маълумки, мамлакат қанчалик бой бўлса, иқтисодий ўсишнинг ўртача суръати шунчалик паст бўлади).

Aҳоли жон бошига ЯИМ ўсиши, AҚШ долларида

 

1995 2019 Ўсиш
Хитой 609,7 10261,7 16,8
Озарбайжон 397,2 4793,6 12,1
Aрманистон 456,4 4622,7 10,1
Вьетнам 276,8 2715,3 9,8
Литва 2168,8 19455,5 9
Грузия 578,3 4769,2 8,2
Руминия 1650,3 12919,5 7,8
Латвия 2322,1 17836,4 7,7
Молдова 593,8 4498,5 7,6
Эстония 3130,8 23659,9 7,6
Қозоғистон 1288,2 9731,1 7,6
Албания 750,6 5352,9 7,1
Лаос 363,9 2534,9 7
Монголия 631,9 4295,2 6,8
Камбоджа 322,9 1643,1 5,1
Беларусь 1370,7 6663,3 4,9
Россия 2665,8 11585 4,3
Болгария 2258,3 9737,6 4,3
Польша 3682,8 15595,2 4,2
Тожикистон 213,6 870,8 4,1
Словакия 4819,1 19329,1 4
Чехия 5788,2 23101,8 4
Украина 936 3659 3,9
Венгрия 4494,7 16475,7 3,7
Қирғизистон 364,2 1309,4 3,6
Сербия 2207,5 7402,4 3,4
Ўзбекистон 585,9 1724,8 2,9
Словения 10730,5 25739,2 2,4

Манба.

Иқтисодиётни давлат томонидан тартибга солиш тизими бефойда эканлигига яна қандай исбот керак?

Aгар биз самарали функционал таҳлилни (вазифалар ва ваколатлар таҳлили) амалга оширадиган бўлсак, бу шуни кўрсатадики, ҳукумат таркибидаги барча идоралар ўрнига битта вазирлик (иқтисодий ривожланиш) бўлиши кифоя, улар қошида бир нечта агентликлар ишлайди (масалан, туризм, транспорт, энергетика). Қолганлари тугатилиб, аввалги тармоқ вазирликлари базасида яратилган тузилмалар мажбурий равишда йўқ қилинади. Бундай қайта ташкил этиш ҳукуматни янада самаралироқ қилади ва иқтисодиёт бюрократик қотиб қолишдан қутулиб, енгил нафас олади.

Худди шундай, ўзгаришлар давлат бошқарувининг бошқа соҳаларида ҳам талаб қилинади: ижтимоий блок, марказий ҳокимиятнинг минтақавий ҳокимият билан ўзаро алоқаси, маҳаллий бошқарув тизими (бугунги кунда амалда аҳолининг қизиқишлари ва истакларига боғлиқ эмас), давлат хизматларини кўрсатиш, хизмат кўрсатиш тизими (ёллаш, иш ҳақи, лавозимга кўтариш, мансабдор шахсларнинг хизмати).

Ҳукумат ўзини ўзи ислоҳ қилади, давлат томонидан тартибга солишнинг ёндашув ва усулларини тубдан ўзгартиради ва унинг аппарати бир неча бор қисқаради, деб умид қилиш — мутлақ утопия. Инсоният тарихида ҳеч қачон бундай бўлмаган. Буни фақат ташқи томондан ўзгартириш мумкин. Бунинг учун сиёсий ирода, қаерда ва қандай ҳаракатланиш кераклигини аниқ тушуниш, шунингдек, тубдан янгича йўл тутган ислоҳотчилар жамоаси керак. Савол туғилади: буларнинг барчасини қаердан топиш керак?

Яна бир омилни айтиш керак. Ҳукумат ишини бошқариш бўйича ташаббусларнинг деярли барчаси фақатгина мамлакатнинг биринчи шахслари томонидан илгари сурилишига одатланиб қолганмиз. Aммо бу мутлақо нотўғри. Стратегик жиҳатдан давлат ишларининг сифати чекланган доирага қараб белгиланади. Ҳукумат самарадорлигини ошириш учун узоқ муддатли шароитларни яратиш учун мавжуд сиёсий ва ҳуқуқий институтларни ислоҳ қилиш зарур. Ҳокимиятнинг ҳақиқий (ва эълон қилинмаган) бўлиши ва сиёсий рақобат тизимини яратишимиз керак. Фақат кучли ва мустақил қонун чиқарувчи ва суд ҳокимияти тармоқлари, шунингдек, фуқаролик жамияти (шу жумладан, оммавий ахборот воситалари) ижро этувчи ҳокимиятни доимий «тангликда» ушлаб туришга ва унинг ишини яхшилашга қодир.

Шундай қилиб, «Қандай қилиб ҳукуматни самарадор қилиш мумкин?» саволининг жавоби қуйидагича: туб маъмурий-сиёсий ва ҳуқуқий ислоҳотларни амалга ошириш керак.

Юлий Юсупов, Иқтисодий ривожланишга кўмаклашиш маркази раҳбари

Янгиликлар