Қоракўлда 3 та мактаб анъанавий тарзда фаолиятини бошлади

Бухоро вилояти Қоракўл туманида туман халқ таълими бўлимига қарашли 16-, 30-, 44-мактаблар анъанавий тарзда ўз фаолиятини бошлаган. Бу ҳақда туман ҳокимлиги ахборот хизмати хабар берди.

Фото: Қоракўл туман ҳокимлиги ахборот хизмати

Таъкидланишича, туманда халқ таълими бўлимига қарашли 16-, 30-, 44-мактаблар анъанавий тарзда ўз фаолиятини бошлаган. Фаолият бошлаган мактаблар пирометр, антисептик воситалар ҳамда ниқоб билан тўлиқ таъминланган. Барча мактабларнинг кириш ва чиқиш эшиклари ҳамда йўлаклари алоҳида қилиб шакллантирилган. Шунингдек, кириш вақтида 2 метр оралиқ масофалар белгиланди, дезинфекцияловчи тўшамалар, фильтр дафтарлар, тиббий пункт ва изолятор хоналар, қайнатилган тоза ичимлик сув ташкил этилган. Ҳар бир таълим даргоҳи ҳожатхоналари ишчи гуруҳ томонидан кўздан кечирилиб, таъмирдан чиқарилган.

Фото: Қоракўл туман ҳокимлиги ахборот хизмати

Маълумот ўрнида, мактабларнинг очилиши тўғрисидаги қарорлар ҳар бир мактаб бўйича индивидуал санитария-эпидемиологик вазият инобатга олинган ҳолда, ҳудуддаги эпидемиологик вазият ва соғлиқни сақлаш тизимининг вазиятга тайёрлигидан келиб чиқилган. Соғлиқни сақлаш тизими хулосаларига мувофиқ фақатгина маҳаллий кенгаш депутатлари рухсатидан сўнг қабул қилиниши белгиланган.

Қоракўл туманидаги қолган 49 та умумтаълим мактаблар ва Халқаро математика мактабида 29 cентябрдан бошлаб дарс жараёнлари бошланган. Биринчи синфга қабул қилинган ўқувчилар учун Президент совғалари топширилган. Онлайн ўқиш истагини билдирган ўқувчиларнинг таълим олиши «Онлайн мактаб» лойиҳаси доирасидаги телевизион дарслар орқали таъминланмоқда.

Aввалроқ Ғиждувонда 2020/2021 ўқув йилида қанча мактаб анъанавий шаклда фаолият бошлагани маълум қилингани ҳақида хабар берилганди.

Янгиликлар