Самарқандда 482 та мактаб анъанавий шаклда фаолиятини бошлади

Самарқанд шаҳридаги мактабларда босқичма-босқич анъанавий шаклидаги дарслар бошланган. Бу ҳақда вилояти Халқ таълими бошқармаси матбуот хизмати хабар берди.

Хабарга кўра, янги ўқув йилининг дастлабки ҳафтасида вилоятдаги 310 та мактаб анънавий фаолиятини бошлаган бўлса, яна 172 та мактабларда дарс жараёнлари йўлга қўйилди. Вилоятда жами 482 та мактаб ўқувчилари анънавий шаклда таълим олмоқда.

Таъкидланишича, Санитария-эпидемиология осойишталик марказлари, тиббиёт бирлашмаларининг хулосалари ҳамда халқ депутатлари туман ва шаҳар кенгашларининг тегишли қарорларига кўра вилоятдаги мактабларда босқичма-босқич анъанавий дарслар бошлангани маълум қилинган.

2020 йилнинг 21 сентябридан Самарқанд шаҳридаги мактаблар ҳам очилиб, 9-,10-,19- ҳамда 58-мактабларга ўқувчилар борган. Шунингдек, Тойлоқ туманидаги 6 та, Ургут туманидаги 13 та мактабда ҳам анъанавий таълим жараёнлари бошланган.

Мактабларда тиббиёт ходимларининг доимий назорати ўрнатилган, ўқувчи ва ўқитувчиларнинг ҳароратини ўлчанган ҳолда киритиш, дарсларни намунавий дарс жадваллари асосида ташкил этишга алоҳида эътибор қаратилган.

Aввалроқ Тойлоқда 33 та мактаб фаолиятини анъанавий шаклда бошлангани ҳақида хабар берилганди.

Янгиликлар