Қўшработда қиймати 105 млрд сўмдан ортиқ бўлган 29 та саноат корхона ташкил этилади
Самарқанд вилояти Қўшработ туманида 2020—2021 йилларда қиймати 105,4 миллиард сўмлик 29 та янги саноат корхоналари ташкил этиш режалаштирилган. Бу ҳақда «Tez News» мухбири хабар берди.
Маълум қилинишича, 2020—2021 йилларда қиймати 105,4 миллиард сўмлик 29 та янги саноат корхонаси ташкил этиш режалаштирилган. Кўрилган чора-тадбирлар натижасида ҳудудий саноат маҳсулотлари ишлаб чиқариш ҳажми 2020 йил якуни билан ўтган йилга нисбатан 102 фоизни ташкил қилиб, 41,3 миллиард сўмга етказилган.
Қўшработда бундан уч йил олдин фаолият кўрсатаётган саноат корхоналари сони 34 тани ташкил қилган бўлса, ҳозирда 107 тани ташкил этиб, ушбу даврда 73 тага кўпайган. Хизмат кўрсатиш соҳасида 2019 йил якуни бўйича 218,7 миллиард сўмлик хизматлар кўрсатилиб, аҳоли жон бошига 1 миллион 687 минг сўмни ташкил этган. Бу кўрсаткич бўйича Самарқанд вилоятидаги туманлар ичида Қўшработ бешиничи ўринни эгаллаган.
Аҳолига хизмат кўрсатиш сифатини ошириш бўйича аҳоли бандлигини таъминлаш мақсадида, ҳудудий дастурлар доирасида умумий қиймати 79 миллиард сўмлик қўшимча 43 та лойиҳа амалга оширилиши белгиланган. Бу лойиҳалар негизида 479 та янги иш ўринлари яратилади.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Каттақўғонда қиймати 871 млрд сўмдан ортиқ бўлган 132 та инвестиция лойиҳаси доирасидаги ишлар кўриб чиқилгани ва Самарқандда 2020 йил якунигача 5 триллион 340 миллион сўмлик лойиҳалар ишга туширилиши хабар қилинганди.