Қувасой ҳокими 30 дан ортиқ тадбиркор иштирокида ишлаб чиқариш самарадорлигини ошириш бўйича қабул ўтказди (фото)

Фарғона вилояти Қувасой шаҳар ҳокими Равшан Раҳимжонов ва унинг инвестиция ва ташқи савдо бўйича ўринбосари 30 дан ортиқ тадбиркор иштирокида «Тадбиркорлар уйи»да қабул ўтказди. Бу ҳақда туман ҳокимлиги матбуот хизмати хабар берди.

Фото: Қувасой туман ҳокимлиги ахборот хизмати

Маълум қилинишича, унда Вазирлар Маҳкамасининг 2020 йил 9 мартдаги «Кичик саноат зоналари тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида»ги 134-сонли қарори ижроси муҳокама этилган. Қайд этилишича, қабулда «Исфайрамсой» МФЙ Мўян адирликларидаги 17 гектар, Қувасой шаҳар «Сойбўйи» МФЙ ҳудудидаги собиқ «Қувасой чинниси» АЖ негизида 11,8 гектар, «Арсиф» МФЙ ҳудудидаги 1,5 гектар ҳамда «Чўлпон» МФЙ ҳудудидаги 1,5 гектар бўш ер майдонларида янги кичик саноат зоналари ташкил этилганлиги тўғрисида маълумотлар бериб ўтилган. Шунингдек, ишлаб чиқариш фаолияти билан шуғулланиш истагида бўлган фуқаро ва тадбиркорлардан ўз лойиҳалари билан келишлари сўралган.

Фото: Қувасой туман ҳокимлиги ахборот хизмати

Маълумот учун, «Тадбиркорлар уйи»нинг асосий мақсади аҳолини тадбиркорлик соҳасидаги илк кўникмаларини шакллантириш бўйича ўқув курслари ташкил этиш, тадбиркорларга чет эл инвестицияларини жалб этиш борасидаги муаммоларини ҳал қилишда кўмаклашишдан иборат. Шунингдек, бизнес форумлар, конференциялар, кооперацион саноат ярмаркалари ҳамда семинарлар ўтказиш, экспорт ва импорт шартномаларини тузиш ва рўйхатга олиш масалалари бўйича маслаҳат бериш муассасанинг вазифаларига киради.

Фото: Қувасой туман ҳокимлиги ахборот хизмати

Аввалроқ Қувасой шаҳар ҳокими ўтказган қабулда 5 та мурожаат ҳал этилгани хабар қилинганди. Унда ҳоким «Муян» МФЙ ҳудудидаги 10 дан ортиқ «Аёллар дафтари» ва «Ёшлар дафтари»га киритилган эҳтиёжмандлар билан уларнинг муаммо-камчиликларини бартараф этиш мақсадида якка тартибда суҳбат ўтказган.

Янгиликлар