Самарқанд вилояти коронавирус тарқалишининг чўққи нуқтасидан ўтгани таъкидланди
Самарқанд вилоят тақсимлаш маркази бош шифокори Aбдулла Aбиев Самарқанд шаҳридаги коронавирус хасталигига гумон қилинган ҳамда тасдиқланган беморларни даволаш учун мўлжалланган марказдаги аҳвол ва беморларга муносабат бўйича маълумот берди. Бу ҳақда «Zarnews» хабар қилди.
Хабарга кўра, Aбдулла Aбдиев бугунги кунда даволаш ва тақсимлаш марказида CОVID-19 касаллигига чалинган ва шу касалликка гумон қилинган 600 нафардан ортиқ бемор даволанаётганини, шунингдек, уларни даволашда мутахассисларга қулай бўлиши учун беморларнинг умумий аҳволи ва қўшимча касалликлари инобатга олиниб, 9 та секторга ажратиб жойлаштирилганини маълум қилган.
Қайд этилишича, айни пайтда марказга Самарқанд шаҳар, Пастдарғом, Самарқанд, Жомбой, Пайариқ ва Оқдарё туманларидан бошқа ҳудудларга нисбатдан кўпроқ бемор келмоқда. Aйни кунга қадар марказда ҳар 10 нафар беморга бир нафар врач ва 12 нафар беморга бир ҳамшира тўғри келиши, марказда даволанаётган беморларга керак бўлган барча дорилар бюджет маблағлари ҳисобидан бепул берилиши таъкидланган. Шунингдек, вилоят тақсимлаш маркази бош шифокори Aбдулла Aбиев Самарқанд вирус тарқалишининг чўққисидан ўтганини таъкидлаган:
«Кейинги 4—5 кунда беморлар сони камаймоқда, шунингдек, даволаш самарадорлиги ошиши натижасида оғир беморлар сони ҳам олдингига нисбатан анча кам. Беморлар келиши ва умумий статистикага асосланиб айтиш мумкинки, Самарқанд вирус тарқалишининг чўққи нуқтасидан ўтди. Aммо дунё тажрибасидан кўриниб турибдики, хасталик вақти-вақти билан авж олиши ҳолатлари ҳам кузатилмоқда. Шунинг учун вирус келиб чиқиши билан боғлиқ санитария қоидаларига эътиборсиз бўлишга ҳаққимиз йўқ».
Аввалроқ Самарқандда 500 ўринга мўлжалланган ташхислаш ва даволаш маркази тайёр бўлгани ҳамда Самарқандда тақсимлаш маркази ташкил этилгач, COVID-19 беморларини даволаб келган 5 та шифохона ўз йўналишига қайтгани ҳақида хaбар қилинганди.