Rocket DMC Uzbekistan Туркия туроператорлари учун Ўзбекистон туристик салоҳиятини намойиш қилди

2024 йил 24 июль куни икки қитъани бирлаштирувчи Истанбул шаҳрида Ўзбекистон туристик салоҳиятини намойиш этишга бағишланган тақдимот тадбири ўтказилди.

Rocket DMC Uzbekistan компанияси томонидан Туркия саёҳат агентликлари ассоциацияси (TÜRSAB) кўмагида ташкил этилган тақдимотда 60 дан ортиқ турк туристик агентликлари ва 10 та ОАВ вакиллари қатнашди.

TÜRSAB ассоциацияси биносида ўзбекона тавозе, меҳмондўст халқимизнинг бетакрор анъаналари, оҳанграбо гўзал санъатимиз ва албатта, миллий ошхонамизнинг шох таомлари-ю, қуёшли ўлкамизнинг мазали егуликларидан иборат жамланма — Ўзбекистоннинг бир парчаси намойиш этилди. Буларнинг барчаси тадбир меҳмонларини қарши олар экан, уларни бетакрор ватанимиз муҳитига олиб киролди. Айниқса, интерактив тақдимот алоҳида эътиборга лойиқ бўлиб, унда Ўзбекистон тарихига оид видеоролик гўзал рақслар, актёрлик ижроси ва ҳар бир томошабин учун совға қутилари ҳамроҳлигида тақдим этилди.

Тадбирда туркиялик туроператорларга Rocket DMC Uzbekistan компаниясининг турпакетлари ҳақида маълумотлар тақдим этилди, Ўзбекистонга саёҳат қилишнинг афзалликлари ва туристлар учун яратилаётган шароитлар тўғрисида атрофлича тушунтириб берилди. Шунингдек, бутун дунё сайёҳлари учун севимли масканга айланиб улгурган Silk Road Samarkand туристик маркази билан таништириб ўтилди. Бундан ташқари, туристларга парвозлар ва аэропорт хизматларини кўрсатувчи Air Samarkand ва Air Marakanda компанияларининг жозибадор таклифлари ҳақида ҳам сўз борди.

Тақдимотни ўтказишдан мақсадимиз, компаниямиз ва мамлакатимиз туристик имкониятларини турк ҳамкасбларимизга кенгроқ кўрсатиб беришдир. Юзма-юз учрашувларимиздан кейин Ўзбекистонга турк туристлари сони янада кўпаяди, деб умид қиламиз. Биз Air Samarkand компанияси базасида икки-уч хил хизматларимизни таклиф қилмоқчимиз, бу эса Истанбул-Самарқанд парвоз йўналишини янада оммалашишига ёрдам беради. Учрашувларимиз анча фойдали ўтди, хусусан, турк ҳамкасбларимиз бизларга зиёрат туризми бўйича ҳам дастур тайёрлашимиз учун бир нечта таклифларни беришди, — деди Rocket DMC Uzbekistan бош директори Негина Мухтарова.

Видеотақдимотдан кейин B2B форматдаги учрашувлар ўтказилиб, керакли алоқалар билан алмашинди. Тадбир охирида эса меҳмонлар ўзбекона палов билан турли хил ноз-неъматларни татиб кўришди.

Маълумот учун:

2023 йил май ойида ташкил этилган, DMC йўналишларини бошқарувчи Rocket DMC Uzbekistan компанияси штаб квартираси Дубайда жойлашган Rocket DMC халқаро тармоқ аъзоси ҳисобланади. Миср, Туркия, Тунис, Испания туристик бозорларида фаолият юритувчи ҳамда Қатар, Саудия Арабистони ва Греция бозорларига чиқишга ҳозирлик кўраётган Rocket DMC Uzbekistan мақсади Ўзбекистон туристик салоҳиятини жаҳон миқёсида кенг танитиш, чет эллик туристлар учун янада жозибали таклифларни бериш орқали уларга қулайликлар яратишдан иборат. Компаниянинг маҳаллий стратегик ҳамкорларидан бири Silk Road Samarkand туристик маркази.

 

Янгиликлар