Шавкат Мирзиёев чиқиндиларни бошқариш соҳасида 31 та кластер ташкил этиш тўғрисида кўрсатма берди

Шавкат Мирзиёев 10 август, душанба куни аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш ва хавфсизлигини ошириш, экологик осойишталикни таъминлаш, чиқиндиларни қайта ишлаш тизимини такомиллаштириш масалалари бўйича йиғилиш ўтказди. Бу ҳақда Президент матбуот хизмати хабар берди.

Фото: Президент матбуот хизмати

Маълум қилинишича, йиғилишда мутасаддиларга Қорақалпоғистон ва вилоятларда давлат-хусусий шериклик асосида жами 31 та кластер ташкил этиш юзасидан кўрсатма берилди.

«Нодавлат сектор чиқиндиларни йиғиш ва қайта ишлашда яхши самара бермоқда. Қаерда шундай корхоналар ишлаётган бўлса, хизмат сифати ҳам юқори, аҳоли ҳам рози. Мисол учун, ‘Био Техно Эко’ компанияси 6 миллион доллардан зиёд кредит ҳисобига 78 та махсус техника ва ускуна харид қилиб, Термиз шаҳри, Термиз ва Ангор туманларидаги 285 минг аҳолига тозалаш хизмати кўрсатмоқда», — дейилади хабарда.

Шунингдек, ушбу лойиҳалар ҳисобига маиший чиқиндиларни қайта ишлаш даражасини йил якунигача 25 фоизгача, 2021 йилда камида 35 фоизга етказиш зарурлиги белгиланди. Санитар-экологик талабга жавоб бермайдиган 51 та чиқинди полигонини мақбуллаштириш, бундан ташқари, қурилиш чиқиндилари учун 26 та полигон ҳамда уларни қайта ишловчи кластерлар ташкил этиш муҳимлиги айтилди.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Шавкат Мирзиёев карантин талабларини босқичма-босқич юмшатиш муҳимлигини таъкидлаган эди.

Шунингдек, Шавкат Мирзиёев чиқиндиларни бошқариш соҳасини кескин танқид қилди.

Янгиликлар