Шавкат Мирзиёев Ўзбекистон мустақиллигининг ўттиз йиллик байрамига тайёргарлик кўриш бўйича қарор имзолади
Қарорга мувофиқ:
Ҳужжат билан Фанлар академияси, Маданият вазирлиги, Бадиий академия, Республика Маънавият ва маърифат маркази, Ёзувчилар уюшмаси ҳамда кенг жамоатчиликнинг:
- Тошкент шаҳрида «Истиқлол» мажмуасини ташкил этиш ва у ерда мустақилликнинг мазмун-моҳияти ва тарихий аҳамиятини акс эттирадиган ёдгорлик композициясини барпо этиш;
- Тошкент шаҳрида барпо этилаётган ер усти метро ҳалқа йўлини «Ўзбекистон мустақиллигининг ўттиз йиллиги» деб номлаш;
- «Ўзбекистоннинг янги тараққиёт даври ва ривожланиш истиқболлари» мавзусида халқаро илмий-амалий конференцияни ташкил этиш;
- ўтган даврда эришилган ютуқларга бағишланган «Янги Ўзбекистон» китоб-альбомини ҳамда ҳар бир соҳада амалга оширилган ислоҳотлар натижаларини ёритиб берувчи китоб-альбом ва тўпламларни нашр этиш;
- 2021 йилда Ўзбекистонда ўтказилиши режалаштирилган барча халқаро маданий-маърифий тадбирлар, спорт мусобақалари, илмий конференциялар, аждодларимиз юбилей саналарини мустақилликнинг ўттиз йиллиги ғояси ва руҳи билан уйғун ва ҳамоҳанг ҳолда ташкил этиш;
- маданият ва санъатнинг барча йўналишлари (мусиқа, театр, кино, тасвирий ва амалий санъат, цирк, халқ ижодиёти) бўйича республика миқёсида фестиваль ва кўргазмаларни ташкил этиш;
- юрт мустақиллигини тараннум этадиган энг яхши қўшиқ ва мусиқа асарлари ҳамда тарихий ва замонамиз қаҳрамонлари ҳаёти ва фаолияти ҳақидаги пьесалар танловларини ташкил этиш;
- мустақиллик йилларида эришилган илмий ютуқлар асосида яратилган инновацион лойиҳа ва технологиялар кўргазмаларини ўтказиш ҳақидаги таклифлари маъқулланган.
Маданият вазирлиги масъул вазирлик ва идоралар билан биргаликда давлат мустақиллигининг ўттиз йиллигига бағишланган тантанали байрам тадбирларини замонавий технологиялардан фойдаланган ҳолда юқори бадиий савияда ўтказиш учун республика ва хориждан малакали мутахассисларни жалб этиш чораларини кўради.
Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳрида республикада фаолият юритаётган миллий маданият марказларини кенг жалб этган ҳолда байрам тантаналари ва халқ сайиллари ташкил қилинади.
Маданият ва истироҳат боғларида шартнома асосида таниқли санъат намояндалари, бадиий ҳаваскорлик жамоалари иштирокида концерт дастурлари намойиш этилади. Кейинги йилларда республикада олиб борилаётган маънавий-маърифий ишлар, Ўзбекистоннинг янги тараққиёт даври пойдеворини яратишга бағишланган публицистик мақолалар ва шеърлардан иборат китобни республика бюджети маблағлари ҳисобидан чоп этилади.
Хорижий мамлакатларда давлат мустақиллигининг ўттиз йиллиги муносабати билан кенг жамоатчилик, жумладан, хорижий мамлакатларда яшаётган ватандошларни жалб қилган ҳолда «Ўзбекистон кунлари» ўтказилади ва унинг доирасида маданий-маърифий тадбирлар амалга оширилади.
2021 йил давомида барча туман (шаҳар)лар, қишлоқ ва овулларда, шунингдек, миллий телеканалларда мустақиллик йилларида яратилган энг яхши бадиий ва ҳужжатли фильмларнинг кенг намойиши ташкил этилади.
Ҳужжатда белгиланишича, ўтказиладиган байрам тадбирлари:
- Қорақалпоғистон Республикаси ва вилоятларда – тегишли маҳаллий бюджетларнинг қўшимча манбалари ҳамда ҳомийлик хайриялари ҳисобидан;
- Тошкент шаҳрида – Республика комиссияси томонидан тасдиқланган харажатлар сметасига мувофиқ республика бюджети ва Тошкент шаҳар маҳаллий бюджети маблағлари ҳисобидан тенг улушларда молиялаштирилади.
Аввалроқ Янги йилни нишонлаш бўйича Республика махсус комиссиясининг белгиланган тартиби эълон қилингани ҳақида хабар берилган эди.