Шофирконда 2021 йил май ойига қадар захира қилинадиган маҳсулотлар ҳажми маълум қилинди
Бухоро вилояти Шофиркон туманида 23 октябрь, жума куни Халқ депутатлари туман кенгашининг XVII сессияси ўтказилди. Сессияда туманда 2021 йил май ойига қадар захира қилинадиган озиқ-овқатлар ҳажми маълум қилинди. Бу ҳақда туман ҳокимлиги матбуот хизмати хабар қилди.
Хабарга кўра, сессияда депутатлар, тумандаги сектор раҳбарлари, туман ҳокимининг ўринбосарлари, сиёсий партиялар, тегишли корхона-ташкилот ва муассасалар раҳбарлари, ҳуқуқ-тартибот органлари, оммавий ахборот воситалари, шунингдек, жамоатчилик вакиллари ҳамда блогерлар иштирок этган.
Шунингдек, сессия ишини туман кенгаши депутати бошқариб борган. Кун тартибидаги масала — туманда озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш ва ички бозорда нарх-наво барқарорлигини сақлаш чора-тадбирлари тўғрисида туман ҳокимининг биринчи ўринбосари маърузаси тингланган.
Маърузада таъкидланишича, бугунги кунда туманда яшовчи 177,7 минг нафар аҳолининг ноябрь—май ойларида озиқ-овқат истеъмоли учун зарур бўлган 11 турдаги қишлоқ хўжалик маҳсулотларига бўлган эҳтиёжи ҳисоблаб чиқилиб, бу бўйича тизимли ишлар олиб борилмоқда. Ҳисоб-китобларга кўра:
- 2,6 минг тонна гўшт;
- 1,3 минг тонна парранда гўшти;
- 0,6 минг тонна балиқ;
- 6,9 минг тонна ун;
- 18,5 миллион дона тухум;
- 0,9 минг тонна ўсимлик ёғи;
- 1,7 минг тонна сабзи;
- 4,7 минг тонна картошка;
- 0,9 минг тонна гуруч;
- 1,0 минг тонна шакар;
- 0,6 минг тонна пиёз зарурлиги аниқланиб, уларнинг таъминот ва молиявий манбаалари белгилаб олинган.
Мавзуга доир: Бухорода 2020/2021 йилги қиш-баҳор мавсуми учун захира қилинадиган маҳсулотлар ҳажми маълум бўлди
Аввалроқ Оқдарёда 2021 йилнинг май ойига қадар захира қилинадиган озиқ-овқатлар ҳажми, Қўрғонтепада эса ўтган 9 ойда қанча картошка етиштирилгани маълум қилинганди. Шунингдек, Вобкентда 2021 йилнинг май ойига қадар 20 тонна гуруч, Олтиариқда эса 85 гектардан ортиқ майдондаги музхонада мева-сабзавот захиралари сақланиши хабар қилинганди.