Шуҳрат Ғаниевнинг акаси Авазбек Ғаниев вафот этди
Марғилон шахар тиббиёт бирлашмаси рахбари Авазбек Ғаниев қон босими кескин кўтарилиб кетиши ва мияга қуйилиши ташхиси билан вафот этди. Бу ҳақда Фарғона вилоят ҳокимлиги матбуот котиби Муҳаммаджон Обидов ўзининг Facebook’даги саҳифасида маълум қилди.
Вилоят матбуот котиби постида марҳумнинг яқинларига сабр тилаб, Авазбек Ғаниев билан боғлиқ хотиралари ҳақида ёзиб қолдирган.
«У отаси Мадаминжон Ғаниевга жуда жуда ўхшайди дейишар эди. Яқинлари, дўстлари, ҳамкасблари у бирон марта бўлса-да овозини кўтариб гапирганини эсламайдилар. Ҳамиша одамларга қўлидан келганича ёрдам қилган. Барча фарзандларини ҳалол, меҳнатсевар ва билимли қилиб тарбиялаган.
Мен етмишинчи йилларнинг охирларида Мадаминжон Ғаниев Ленин ордени билан мукофотлангани ҳақида кўрсатув қилгани уларнинг хонадонида бўлган эдим. Бутун умр шифохонада жарроҳ бўлиб ишлаган Мадаминжон акага Ленин ордени берилиши мамлакат миқёсидаги воқеа эди.
У инсон хам ўта маданиятли, хушмуомала ва касбининг моҳир эгаси бўлган. Авазбек Ғаниев ўшанда 10—12 ёшли бола эди. Ҳеч эсимдан чиқмайди, катта бўлсангиз ким бўлмоқчисиз, деб сўраганимда дадам каби шифокор бўламан деган эди. Дарҳақиқат шундай бўлди. Бугун ҳар бир марғилонлик, фарғоналик катта қалб эгаси ва иқтидорли шифокорни меҳр билан эслайди», — дея хотирлаган Муҳаммаджон Обидов ўз постида.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Фарғона вилояти соғлиқни сақлаш бошқармаси ва вилоят санитария-эпидемиологик осойишталик маркази ҳудуддаги коронавирус билан боғлиқ ҳолат оғир экани ҳақида тарқалган хабар юзасидан расмий муносабат билдирганди. Унда Марғилон шаҳар тиббиёт бирлашмаси бошлиғи, вилоят ҳоким Шуҳрат Ғаниевнинг акаси Авазбек Ғаниевнинг ҳам коронавирусга чалингани, қондаги кислород миқдори тушиб кетгани айтилган. Расмий муносабатда эса бу ҳабар рад этилиб, Авазбек Ғаниев пневмония хасталиги ва юқумсиз бўлган бошқа ҳамроҳ касалликлар билан айни кунда Марғилон шаҳар тиббиёт бирлашмаси шифохонасида даволанаётгани маълум қилинган.