ССВ Самарқандда коронавирус беморлари статистикаси камайтириб кўрсатилмаганини маълум қилди

Соғлиқни сақлаш вазирлиги 7 октябрь куни коронавирусдан даволанаётган беморлар сони, хусусан, Самарқанд вилоятида коронавирусга чалинган беморлар бўйича берилган ССВнинг расмий статистик маълумотларига нисбатан танқидий муносабат акс этган баёнотга расмий муносабат билдирди.

Фото: «Tez News»

Таъкидланишича, вазирлик коронавирус билан боғлиқ статистик рақамларни яширишдан манфаатдор эмас. Бундан ташқари, коронавирус статистик кўрсаткичлари Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти тавсиялари асосида Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан олиб борилади ва унга махсус лаборатор (ПЗР) тиббий текширувлар (шу жумаладан, нодавлат тиббиёт муассасаларида ўтказилган тест натижалари) орқали касаллиги тасдиқланган беморларгина киритилади.

Aйрим симптомлар мавжуд бўлиб, коронавирусга гумон қилинган, лекин инфекция тасдиқланмаган, шунингдек, пневмония ёки ўткир респиратор инфекциясига чалинган ёки уларга гумон қилинган беморлар умумий расмий статистикада ҳисобга олинмайди.

Маълум қилинишича, ҳозирда мавсумий юқумли респиратор касалликлар авж оладиган куз фасли бошлангани сабабли турли вирусли касалликларнинг аҳоли орасида авж олиши даволаш муассасаларидаги беморлар сонининг кўпайишига сабаб бўлмоқда. Юқумли касалликларга ихтисослашган шифохоналар ҳамда қатор ҳудудлардаги Саралаш ва тақсимлаш марказлари, шунингдек, вақтинчалик «COVID шифохоналарида», жумладан, Самарқанд ва Aндижон вилоятларида ҳам бундай беморлар стационар шароитда даволанмоқда.

«Мисол учун, ҳозирда Самарқанд вилоятида 14 та туман ва 2 та шаҳар аҳолиси учун 41 та шифохонада жами 11 763 шифо-ўринлари мавжуд.

Шундан коронавирусни даволаш ҳамда касалликда гумон қилинган беморлар бошқа беморлардан алоҳидалаш учун юқорида кўрсатилган 14 та туман ва 2 та шаҳарда 2950 та шифо-ўрни яратилган.

Ҳозирда ушбу шифо-ўринларида коронавирусга гумон қилинган, лекин ПЗР лаборатор текширувида тасдиқланмаган (шу жумладан, клиник симптомлари ўхшаш бўлган мавсумий юқумли респиратор касалликларга чалинган) беморларни бошқа турдаги касалликлардан алоҳида стасионар даволаниши ташкил этилган.

Шу йил 7 октябр ҳолатига кўра, вилоятда 136 нафар ЖССТ тавсиялари асосида коронавирус инфекцияси аниқланган бемор даволанмоқда. Бу вазирлик бераётган расмий статистикага мос келади.

Шуни таъкидлаб ўтиш жоизки, ижтимоий тармоқларда тиббиёт нуқтаи назаридан, шунингдек, юқорида кўрсатилган коронавирус ҳамда унга гумон қилинган ёки мавсумий респиратор юқумли касалликлари мавжуд беморларнинг умумий статистикаси таҳлил қилинмаган ҳолда берилган.

Соғлиқни сақлаш вазирлиги аҳоли орасида ўринсиз cаросимага сабаб бўлувчи тасдиқланмаган ахборотларни тарқатмасликни, шунингдек, фақат расмий маълумотларга таянган ҳолда фикр юритишни сўраб қолади», дейилади ССВ муносабатида.

Эслатиб ўтамиз, Коррупцияга қарши курашиш агентлиги директори Акмал Бурҳонов Самарқанд вилоятида коронавирусдан даволанаётган беморлар статистикаси камайтириб кўрсатилаётганини таъкидлаганди. Кейинчалик агентлик ўрганишлар натижасида Самарқанд вилоятида айни пайтда 136 нафар бемор COVID-19, қолган беморлар эса ЎРВИ, пневмония ва бошқа касаллик белгилари билан даволанаётганини маълум қилган.

Янгиликлар