Фарғонада коронавирус беморлари статистикаси яширилаётганлиги ҳақидаги хабарга изоҳ берилди

Фарғона вилоятида коронавирус билан оғриган беморлар кўплиги, шифохоналарда ўрин-жойлар етишмаётгани, аммо статистика яширилаётгани ҳақида асоссиз хабарлар тарқалган. Бу ҳақда вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси ахборот хизмати хабар берди.

Таъкидланишича, вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси ва санитария эпидемиологик осойишталик маркази бир неча маротаба худди шундай мазмундаги хабарларга расмий баёнот ва муносабатини эълон қилган.

Aйни пайтда мавсумий касалликлар ва пневмониянинг кўп учраётгани сабабли 2020 йил 16 cентябрь куни Фарғона вилояти ҳокимининг «Вилоятга коронавирус инфекциясининг кириб келиши ва тарқалишининг олдини олиш, юқумли пневмония билан касалланган беморларни алоҳидалаш ва даволаш учун қўшимча муассасаларни ташкил этиш тўғрисида»ги қарори қабул қилинди.

Мазкур қарор асосида вилоятдаги 7 та тиббиёт муассасида қўшимча 630 ўринли провизор муассасалари ташкил қилинди.

Фарғона вилояти соғлиқни сақлаш бошқармаси, шаҳар-туман тиббиёт бирлашмаларининг мутахассислари томонидан аҳоли орасида мунтазам равишда тарғибот-тушунтириш ишлари олиб борилмоқда. Шу мақсадда телеведение ва радиоларда давра суҳбати ва очиқ мулоқотлар, интервюлар, онлайн тавсиялар бериляпти. Шаҳар-туман марказларидаги деҳқон бозорлари радиоузеллари орқали аҳолига мурожаатлар қилинмоқда, эслатма варақалар ва буклетлар тарқатилмоқда.

Таъкидланишича, вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси қошида Call-маркази ҳамда Ситуацион алоқа маркази ташкил этилган бўлиб, аҳолининг мурожаатлари қабул қилиняпти.

Aввалроқ Бош прокуратура Тошкент вилояти бош инфекционисти ҳибсга олингани юзасидан расмий баёнот бергани ҳақида хабар берилганди.

Янгиликлар