«Қўқон» ЭИЗ дирекцияси ҳудудда ишлаб чиқарилаётган кислород концентраторлари Хитойдан олиб келинмаганини маълум қилди
«Қўқон» эркин иқтисодий зонаси дирекцияси «Great Kokand» масъулияти чекланган жамияти корхонаси кислород концентраторларини Хитойдан олиб келиб, ўзининг ёрлиғини босиб сотаётгани ҳақидаги хабарларга расмий муносабат билдирди.
Маълум бўлишича, «Great Kokand» масъулияти чекланган жамияти кислород концентраторини Хитойдан тўлиқ сотиб олиб келмаган. Балки Хитойнинг «MIC Medical Co.Ltd» компанияси ва маҳаллий ишлаб чиқарувчи «Қўқон» ЭИЗда айни пайтда фаолият олиб бораётган корхоналардан эҳтиёт қисмлар сотиб олиниб, корхона томонидан 5 литрлик кислород концентраторини йиғиш жараёнлари амалга оширилмоқда.
Таъкидланишича, концентраторнинг 60 фоиз қисми (корпуслар, турли ўлчамдаги электр узатиш кабеллари, хаво узатувчи шланглар, ўчириб ёқиш қурилмалари, сув қуйиш идиши ва турли ўлчамдаги болт ва шруплар, қадоқлаш қутиси ва пена) кооперация усулида Ўзбекистондаги ишлаб чиқариш корхоналаридан сотиб олиб йиғилмоқда.
«Бугунги кунда Хитойда 5 литрлик кислород концентраторларнинг нархи 300–400 AҚШ доллари миқдорида бўла туриб, бизнинг корхонамизда йиғилаётганининг нархи 290 AҚШ долларини ташкил этмоқда. Aгар биз кислород концентраторини Хитой Халқ Республикасидан тайёр ҳолда олиб келадиган бўлсак, йўл ҳаражатлари, божхона божи ва қўшимча қиймат солиғи тўловлари билан 300–400 AҚШ долларилик маҳсулотлар 355–470 AҚШ долларга тушади. Биз маҳсулотни олиб келиб, шунча сарф харажатларни тўлаб, маҳсулотимизни 60 ёки 180 AҚШ доллари миқдоридаги зарарга сотишимиз керак бўлади», — дейилади баёнотда.
Аввалроқ Самарқанд шаҳрида 600 минг долларлик кислород заводи ўрнатилиши ҳамда Бухорода тадбиркорлар соғлиқни сақлаш тизими учун кислородли концентраторлар хайрия қилгани ҳақда хабар берилган эди.